Сўнгги йилларда фан-техника жадал ривожланиб, шундай ихтиролар, инновацион ишланмалар, замонавий технологиялар яратилдики, улар ҳаётимиздан чуқур ўрин олиб, яшаш сифатини бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Замонавий технологиялар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бинобарин, авваллари хаёлимизга ҳам келмаган нарсалар бугун ҳақиқатга айланиб, жамиятимизнинг барча жабҳасида ривожланишга йўл очмоқда.

Узоққа боришнинг ҳожати йўқ. 1961 йили 12 апрель куни Юрий Гагарин фазога учган эди. Бу инсоният тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлганди ўшанда. Бугун эса халқаро космик кемада фазогирлар жамоаси навбатма-навбат коинотга сафар уюштириши оддий ҳолга айланиб улгурди. Тўғри, уларнинг исмини ҳамма ҳам ёддан айтиб бера олмаслиги мумкин, бироқ, энг асосийси, фазони ўзлаштиришда янгидан-янги ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Сир эмас, ҳозир ҳаётимизни мунтазам равишда такомиллаштириб борилаётган компьютер ва интернетсиз тасаввур этиш мушкул. Яқин-яқингача одамлар ишхонада замонавий компьютерларда ишлашни орзу қилган бўлса, бугун нафақат офисларда, айни пайтда ноутбуклар, нетбуклар, планшетлар ва “гаджет”лар, деб аталадиган бошқа қурилмалар ҳар бир хонадондан ўрин олди.

Ҳозирги давр одамлари компьютерлару ноутбукларга, смартфонларга боғланиб қолган. Чунки ушбу қурилмалар шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки кўп қиррали вазифаларни бажармоқда. Улар орқали қўнғироқ қилиш, хабар ёки расм юбориш/қабул қилиш, онлайн харидни амалга ошириш, янгиликлар билан танишиш, керакли маълумотларни олиш, фото ёки видео олиш, томоша қилиш, мусиқа эшитиш, турли ўйинларни ўйнаш мумкин.

Бугунги кунда дунёда шундай ихтиролар борки, улар ҳали ҳам ҳаётга кенг татбиқ этилмаган бўлса-да, бир кун келиб, смартфонлар ҳамда компьютерлар сингари одамлар турмушининг ажралмас қисмига айланиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ана шундай кашфиётлардан бири шу кунларда оммавий ахборот воситаларида бот-бот тилга олинаётган 3D-принтерлардир.

Фото: amazonaws.com

Гап шундаки, бизда “Принтерлар фақатгина матн ва суратни чоп қилади холос”, деган фикр шаклланиб қолган. Аммо мутахассисларнинг айтишича, принтерларнинг имкониятлари жуда кенг бўлиб, яқин келажакда мазкур технология жамият ҳаётининг барча жабҳасида қўлланилади.

Унинг афзаллиги шундаки, зарур материаллар ҳамда дастурий таъминот ёрдамида уй қуриш, протез ва имплантатлар тайёрлаш, қимматбаҳо эсдалик буюмлар, тақинчоқлар ишлаб чиқариш мумкин. Масалан, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Нидерландияда ушбу йўналишда амалий натижаларга эришилган. Яъни 3D-принтерлар тураржойлар ҳамда уларнинг қисмларини — конструкциялари, ички деворлари, турли шаклдаги ҳимоя тўсиқларини ҳеч қандай қолипларсиз “чоп этмоқда”. Хусусан, Хитойда узунлиги 150 метр, кенглиги 10 метр бўлган 3D-принтер яратилди. Ушбу қурилма бир неча соат ичида баландлиги олти метр бўлган бинони “барпо қилиши мумкин”. Бунда у “сиёҳ” ўрнида кучайтирилган шиша толали цементдан фойдаланади. Шундай бўлса-да, ҳозирча бу усулда йирик иншоотларни қуриш синов тариқасида олиб борилмоқда. Ландшафт дизайни ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш учун кичик архитектура шаклларини тайёрлашда 3D-принтерлар имкониятидан тобора жадал фойдаланилмоқда.