11 май куни куни Radisson Blu Hotel мехмонхонасида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси ва Британия Кенгаши ҳамкорлигида "Европада Таълим" кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу тадбир бир неча йиллар давомида май ойида ўтказиб келинаётган Ўзбекистонда "Европа кунлари" тадбирлари доирасида ўтказилди.
Тадбирда Европадаги 14 мамлакатнинг 20дан зиёд университетлари ва таълим соҳасидаги ташкилотлар иштирок этди.
Кун.uz мухбири кўргазманинг очилиш маросимига ташриф буюрган Европа мамлакатлари элчиларидан интервью олди. Элчилар ва хорижлик меҳмонлар Ўзбекистон ҳамда Европанинг таълим соҳасидаги муносабатлари ва бугунги тадбир ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.
Кристофер Олан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси:

"Бугун Тошкентда Европадаги таълим бўйича кўргазма ташкил этилганидан мамнунман. Бу ерда Буюк Британия ҳам Британия Кенгаши ва Сoventry университети орқали фаол иштирок этмоқда. Биз Британиянинг олий таълими дунёдаги энг яхши билимни тақдим этишига ишонамиз. Мазкур тадбир ўзбек талабалари учун Буюк Британияда таҳсил олишда яхши имкониятлар топишларига рағбат бағишлайди”.
Эдуардс Стрипрайс, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари:

"ЕИ ҳамда Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги энг яхши ҳамкорлик дастурлардан биридир. Масалан, ЕИнинг "Tempus. Erasmus Mundus" ҳамда "Erasmus+" лойиҳалари магистрлик йўналишида бир қатор мутахассисларни тайёрлашга ёрдам бермоқда. Европа Иттифоқи таълим дастурлари ОТМлар учун янги ўқув ускуналари ва замонавий адабиётларга эга бўлиш, ҳамда ахборот ресурсларини янгилаш орқали, ўқув-услубий ва лаборатория базасини модернизация қилишга сезиларли даражада ҳисса қўшмокда. Ҳозирги кунда Европа Иттифоқи университетлари билан Ўзбекистоннинг 44 ОТМ иштирокида жами 80та алмашинув бўлиб ўтди. 2017 йил натижасига кўра, 600 ўқитувчилар алмашинуви (улардан 440 нафари Ўзбекистондан Европага ва 170 нафари Европадан Ўзбекистонга) ташриф буюрган".
Марк Кросси, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори:

"Британия Кенгаши ушбу кўргазма ташкилотчиларидан бири эканлигидан жуда мамнун. Жумладан, бу кўргазма иккала томоннинг ҳам катта қизиқишини уйғотди. Яъни бир томондан Европа университетлари тадбирда иштирок этишга иштиёқи жуда баланд бўлган бўлса, иккинчи томондан Ўзбекистонинг истеъдодли ёшлари ҳам кўргазмага келишга катта қизиқиш билдирди. Биргина онлайн регистрациядан ўтган кўргазмага ташриф буюрувчилар сони шу кунгача 1500га яқин бўлди. Чет элда таълим олиш – халқаро сифатли таълим бериш билан биргаликда ва халқаро тажриба ва умуман ҳаётий кўникма олиш учун жуда фойдалидир. Аминманки, бу борада Европа университетлари Ўзбекистон абитуриентлари учун яхши таклифлар бера олади".



















