Ўзбекистон | 14:13 / 13.05.2017
13632
3 дақиқада ўқилади

Хитой матбуоти Ўзбекистон Президентининг ташрифини кенг ёритмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи Хитой оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Хитойнинг етакчи «Синьхуа» ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг 12 май куни бўлиб ўтган учрашуви ҳақида батафсил ахборот тарқатди. Журналистлар ушбу учрашув натижалари Ўзбекистон ва Хитой халқларимизнинг туб манфаатлари ва замонавий талаблари ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликка содиқ эканлигидан далолат берганини таъкидлаган. 

CGTN телеканали олий даражадаги мулоқотларнинг изчиллиги ўзаро муносабатларнинг янада барқарор ривожланишини таъминлаши баробарида барча даражадаги алоқаларнинг жадаллашувига хизмат қилаётганига эътибор қаратган. Ахборотда икки давлатнинг узоқ ўтмишга бориб тақаладиган алоқалари бугунги кунда ўзаро ишонч ва дўстлик руҳида ривожланиб бораётгани қайд этилган. 

«China daily» газетасида «Ўзбекистон билан алоқалар ўз самарасини бермоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда Ўзбекистон ва Хитой халқлари азалдан ўзаро савдо-сотиқ қилгани, бир-бирининг маданиятини бойитгани қайд этилган. Бугунги кунда давлатлараро муносабатлар кенг кўламли стратегик шериклик даражасига кўтарилган, ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби барча соҳаларни қамраб олган, дейилади. 

Мақолада давлатлар ўртасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб, Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели қурилиши кўп қиррали ҳамкорликнинг яққол мисоли эканлиги таъкидланган. Муаллиф ушбу стратегик объектларнинг бунёд этилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа, жумладан, Хитой учун ҳам ғоят аҳамиятли эканини қайд этган. 

«Янги Пекин» газетасида Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги муносабатлар турли йўналишларда муваффақият билан ривожланаётгани таъкидланган. Газета Ўзбекистоннинг сармоявий ҳамкорлари рўйхатида Хитой етакчи ўринлардан бирини эгаллаши ва Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган ХХР капитал қўйилмаларининг ҳажми барқарор равишда ўсиб бораётгани ҳақида маълумотлар келтирган. 

Хитой матбуоти таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажми юқори даражани ташкил этмоқда. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Хитой компаниялари сафи кенгайиб бораётгани ХХР ишбилармонлари Ўзбекистон билан ҳамкорликка катта қизиқиш билан қараётганини тасдиқлайди. 

Мавзуга оид