Мамлакатимизда ёқилғи-энергетика соҳасининг асосий ресурсларидан бири ҳисобланган газ саноати ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб юзага келди ва шакллана борди. Истиқлол йилларида нефть-газ соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, биринчи галда республикамиз газ қазиб олиш борасида дунёнинг 15 мамлакатидан бирига айланди. Бунга эришиш учун мамлакатимизда янги газ конларини излаб топиш ҳамда сармоявий муҳитни барқарорлаштириш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалиётга тадбиқ қилинди.

Натижада янги конлар қидириб топиш жадаллик билан олиб борилди. Газ тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш ва фойдаланишга топшириш, табиий газни маҳаллий истеъмолчиларга етказиб бериш ва сотиш, шунингдек, фойдаланилган газ учун тўлов интизомини мустаҳкамлашга доир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Яқинда Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги «Газ таъминоти тизимига бозор механизмларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарорнинг ижроси борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси Бошқарув раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров билан суҳбатлашдик.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши газ таъминоти тизимида, айниқса, маҳаллий хусусий секторнинг иштирокини таъминлаш ва улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, газ таъминотида узлуксизликни таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, айни пайтда мавжуд газ таъминоти тизимининг барча даражадаги газ тармоқлари газ ҳисоблаш ускуналари билан тўлиқ таъминланмаганлиги натижасида табиий газ истеъмолчилари ва етказиб берувчи корхоналар ҳисоб-китобида номутоносибликлар шаклланишига сабаб бўлаётганди. Эндиликда бу каби муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш ва мавжудларининг ижобий ҳал этилишида мазкур қарор ҳуқуқий асосга эгадир.

Айни пайтда тажриба лойиҳаси доирасида пойтахтнинг Бектемир тумани «Бектемиртумангаз» туман эксплуатация хизмати объектларини хусусий операторга ўтказиш мўлжалланмоқда. Худди шунингдек, Қорақалпоғистонда «Кегейлитумангаз», Андижон вилоятида «Шаҳрихонтумангаз», Бухорода «Когонтумангаз», Жиззахда «Зоминтумангаз», Қашқадарёда «Қаршитумангаз», Навоийда «Қизилтепатумангаз», Наманганда «Намангантумангаз», Самарқандда «Нарпайтумангаз», Сурхондарёда «Жарқўрғонтумангаз», Сирдарёда «Янгиершаҳаргаз», Тошкент вилоятида «Янгийўлтумангаз», Фарғонада «Олтиариқтумангаз» ҳамда Хоразм вилоятида «Янгиариқтумангаз» филиали объектлари хусусий оператор ваколатли бошқарувига ўтказилади.

Бунда мулкчилик шаклидан қатъи назар, ўтказиладиган очиқ танлов талабларига жавоб бериб, ғолиб бўлган юридик мақомга эга ташкилотлар хусусий оператор бўлиб, улар ишончли бошқарув шартномаси асосида табиий газ сотишни амалга оширади.