2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани 30 дақиқада олишга имкон берувчи, бизнесни давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган ноёб миллий тизими ишга туширилди. Янги тизим ишга туширилганидан бошлаб бир ой мобайнида унинг ёрдамида 21 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган, шундан 7,5 фоизи онлайн тарзда. Бу ҳақда Кун.uz'га БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Ҳалқаро тадқиқотлар бизнесни рўйхатдан ўтказиш шартларини соддалаштириш иқтисодий ўсиш ва бандликни оширишини эътироф этади. Бу рўйхатдан ўтказиш йиғимлари пасайтирилган тақдирда бозорга кўпроқ фирмаларнинг кириб келиши, кўп сонли фирмаларнинг сақланиб қолиши ва ўсиши, янги фирмалар рақобатни шакллантириши билан боғлиқдир, пировард натижада ишлаб чиқариш самарадорлигининг ошиши ва бозорда мавжуд бўлган фирмаларга инвестицияларни ўсишига олиб келади.

Реал вақт режимида бизнесни рўйхатдан ўтказиш механизмининг жорий этилиши давлат хизмати кўрсатилишининг эркинлиги, ошкоралиги ва сифатини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистон Бизнес форуми (III-босқич)» лойиҳаси кўмагида республикада биринчи маротаба тўла-тўкис транзакцияланган давлат хизмати жорий қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Янги тартиб фаолияти ўлароқ тартиботлар сони сезиларли даражада қисқартирилди, вақт ва молиявий сарфлар камайтирилди.

Бугунги кунда юридик шахсни рўйхатдан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони 6 тадан амалда 1 тагача қисқартирилди, яъни фақат ариза талаб қилинади ва унда кўрсатилган маълумотлардан таъсис ҳужжатлари генерация қилинади (топшириш-қабул қилиш далолатномаси ва тақсимлаш баланси тақдим этилиши лозим бўлган қўшиб юбориш, бирлаштириш, ажратиб чиқариш ҳамда бўлиш ҳолатлари бундан мустасно). Якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун зарур бўлган ҳужжатлар сони 7 тадан 1 тагача қисқартирилди, яъни фақатгин ариза тақдим этиш лозим бўлади.

Бундан ташқари, бизнесни Интернет орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш шахсан келган ҳолда рўйхатдан ўтказишга нисбатан бир қатор устунликларга эга.

•  Биринчидан, рўйхатдан ўтказувчи органга қоғоз кўринишидаги ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурати йўқолади, натижада аризачиларни рўйхатдан ўтказувчи органга, шунингдек рўйхатдан ўтказишга давлат божини тўлаш учун банк кассасига шахсан ташриф буюриш заруриятидан халос этади, бу эса аризачиларнинг билвосита сарф-харажатларини камайтиради.

•  Иккинчидан, ҳужжатлар Интернет орқали онлайн топширилганда бизнесни рўйхатдан ўтказиш, шу жумладан қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божлари ставкалари шахсан ташриф буюрган ҳолатга нисбатан икки баробар кам қилиб белгиланган.