13:10 / 22.05.2017
7774

Дутерте: Филиппин АҚШдан ҳеч қачон ёрдам сўрамайди

Фото: AP

Филиппин кўмак сўрайдиган давлатлар рўйхатидан АҚШ олиб ташланди. Бу ҳақда мамлакат президенти Родриго Дутерте Россия ОАВга берган интервьюсида маълум қилган.

"Ўз давлатим учун ҳаммасини қилмоқдаман. Президент лавозимига номзодимни қўйганимда, ўз ор-номусим, ҳаётимни ҳам шунга тикканман. Мамлакатим муаммолар гирдобига тушиб қолишига йўл қўймайман. Филиппинлик тўрт миллион инсон гиёҳванд моддаларга қарамликдан азият чекади. Бу шунчаки рақам эмас, шунчаки оддий бир муаммо эмас. Бу муаммо бошқа давлатлар, хусусан Европа иттифоқи учун ҳамдир. Шунинг учун улар билан орада масофа бўлишга қарор қилдим. Филиппин ва Хитой ўртасида янги дўстлик, янги ҳамкорлик йўллари учун истиқболлар бор эканини кўрмоқдаман, шунингдек, АСЕАН ва Европа давлатлари билан ҳам шундай имконият бор. Бироқ АҚШни мен кўмак сўрайдиган давлатлар рўйхатидан атайин олиб ташладим", - дея хабар берди у. 

Ўтган йилнинг май ойида Филиппин президенти этиб сайланган Дутерте гиёҳванд кишилар ҳамда гиёҳвандлик моддаларини тарқатувчилар билан кенг кўламли кураш олиб бормоқда. БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Дутерте ҳукумат тепасига келганидан сўнг мамлакатда гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор бўлган 6 мингдан ортиқ киши ўлдирилди. Жаҳон ҳамжамияти эса ушбу давлатда наркосавдо билан курашнинг бундай усулини бир неча бор қоралади. 

Top