Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита тузилди. Янги идора Шавкат Мирзиёевнинг Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига кўра, Республика байналмилал маркази ҳамда дўстлик жамиятлари ва хорижий давлатлар билан маданий-маърифий алоқалар кенгаши негизида ташкил этилди.
Фармон жамиятда барқарорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, фуқаролар онгида ягона кўп миллатли катта оилага мансублик ҳиссини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.
Қўмитага жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, дунё ҳамжамияти билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш каби вазифалар юклатилди.
Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқдалар. Мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг 120 дан ортиқ фаоли давлат мукофотларига сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди, жумладан, 14 нафарига «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони берилди.
Республика байналмилал маданият маркази, 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, 34 дўстлик жамияти фаолияти Ўзбекистондаги барча миллатлар ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ҳамда урф-одатларини асраш ва ҳар томонлама ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Улар «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши, биз яшаётган бугунги даврнинг ўзи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий сиёсатни юритиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.















