10:00 / 24.05.2017
30916

Манчестер теракти ижрочиси ҳақида янги маълумотлар берилди (фото)

Фото: Reuters

Буюк Британия махсус хизматлари томонидан Манчестердаги спорт аренасидаги терактни содир этишда гумондор қилинган 22 ёшли Салмон Обидий ливиялик қочқинлар оиласида туғилган буюк британияликдир. Бу ҳақда The Daily Telegraph газетаси хабар тарқатди

У 1994 йили Манчестерда дунёга келган, Обидийлар оиласида учинчи фарзанд бўлган - унинг икки акаси ва бир синглиси бўлган. 

"Унинг ота-онаси ливияликлар, улар Муаммар Қаззофий режимидан қочиб, Буюк Британияга келганди", дейилган газетада.

Обидийлар оиласи Ливиядан келгач, аввалига Лондонда яшашган, кейин Манчестер жанубидаги Фаллоуфилд туманига кўчишган. Айни вақтда бу оила Ливияга қайтиб келган, икки ўғил Манчестерда қолганди.

Манбанинг ёзишича, Салмон 2015 йили бутун дунёга икки ўқувчиси Заҳро ва Салма Хон Сурияга кетиб қолгач машҳур бўлган мактабда ўқиган.

Айтилишича, Обидий илгари Британия полицияси эътиборига тушган. У стадионга бомбани рюкзакда олиб келгани айтилмоқда.

У теракт ижрочилигида асосий гумондорга айлангач, полиция унинг ёлғиз ҳаракатлангани ёки гуруҳ топшириғини бажаргани юзасидан текширув олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Manchester Arena стадионида 22 май куни Ариана Гранденинг концерти вақтида портлаш содир бўлди. Охирги маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 22 киши ҳалок бўлган, 59 киши жароҳатланган. Теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Top