17:20 / 25.05.2017
16901

Қулоғи бутунлай заиф туғилган бир ёшли қизча ноёб усул орқали товушларни эшитмоқда

Видеода – америкалик бир ёшли Анабель Лоуренс. У қулоғи бутунлай заиф ҳолда туғилган, бироқ ҳозирда Анабель онаси ва ўзини ўраб турган борлиқдаги товушларни эшитиши мумкин, сабаби шифокорлар унга жойлаштирилган кохлеар имплантатни ишга туширишди. Бу мослама, қулоғи бутунлай ёки нисбатан заиф бўлган болалар ва катталарда, оддий эшитиш қурилмалари ёрдам бермаганда қўлланилади. Оддий эшитиш мосламасининг иш принципи – товушни кучайтириш ва уни товуш каналига юбориш. Бироқ ички қулоқдаги (чиғаноқ) мияга товуш етказиб бериш учун жавоб берувчи нозик ҳужайралар тўла йўқолганда, товушни кучайтириш бефойда.

Кохлеар имплантат худди сунъий қулоқ, "протез" сифатида ишлайди, ҳамда у товушни тўғридан-тўғри товуш нервига электр каналлари ёки тебранишлар ёрдамида йўналтиради.

Мослама икки қисмдан иборат: ташқи миникомпьютер ва ички қабул қилувчи-ўзгартирувчи қурилма, улар ўзаро магнит тизими орқали боғланади. Миникомпьютер товуш ва нутқни қайта ишлаб, уларни электр тебранмаларга айлантиради ва ички қисмга юборади. Қабул қилувчи-ўзгартирувчи қисм эса қулоқ соҳасига ўрнатилган электрод орқали сигналларни тўғридан-тўғри товуш нервига жўнатади, у орқали товуш мияга юборилади. Мия олинган маълумотни қайта ишлайди ва товушни “эшитиш” имкониятини яратади.

Замонавий кўринишдаги имплантат ўтган юз йилликнинг 70-йиллари охирида ихтиро этилган, гарчи баъзи маълумотларга кўра, бундай услуб XVIII асрда яратилган, деб ҳисобланади. Ўшанда шифокорлар енгил наркоз остида кечган жарроҳлик амалиётларида металл асбобларнинг қулоқ чиғаноғига текканида инсон товуш эшитишини пайқашган. XIX аср охири – XX аср бошларида электр тебранишнинг товуш аъзоларига таъсири борасида илк тадқиқотлар ўтказилди.

Дунёдаги биринчи кўп каналли имплантат эса 70-йиллар охирларида пайдо бўлди, уни Австралиядаги фирма асосчиси Грэм Кларк ишлаб чиқди.

 

Top