Бугунги кунда ҳаётимизни мобил телефонларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар бир инсон ўз эҳтиёжлари ва молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, ўзига муносиб қурилмани танлайди. Бироқ шундай телефон аппаратлари борки, уларни ҳамма ҳам қўлга кирита олмайди - улар алоқа воситаси эмас, энг аввало ҳашамат воситасидир. Trendymen дунёнинг энг қимматбаҳо телефонлари ва уларнинг нархига оид маълумотлар билан бўлишди.
Diamond Crypto Smartphone

Россиянинг Ancort компанияси томонидан йиғилган телефон дизайни билан австриялик Петер Алойссон шуғулланган. Бироқ қурилмани бошқаларидан ажратиб турувчи хусусияти 50 та олмос билан безатилган платина корпуси эмас, балки замонавий шифрлаш технологиялари самараси бўлган юқори хавфсизлигидир. Нархи - 1,3 миллион доллар.
GoldVish Le Million

Швейцариялик заргар Эммануэль Гюйтнинг оригинал ижод намунаси - GoldVish Le Million смартфони - 2006 йилда дунёдаги энг қимматбаҳо телефон ҳисобланган. Корпуси - олтиндан, олмослар билан қопланган, орқа панели - тимсоҳ терисидан ва ажойиб шакл. 1,45 миллион доллар ва у сизники!
iPhone 3G King´s Button

iPhone 3G King´s Button модели 1998 йилдан бери элита телефонларни жиҳозлашга ихтисослашган австриялик заргар Петер Алойссоннинг ижод тожи бўлди. Телефон ҳақиқатда қироллик ҳашамати билан ажралиб туради - 138 қимматбаҳо тош билан безалган оқ, пушти ва сариқ олтиндан ишланган корпус, бошқару тугмасида 6 каратли ҳашаматли олмос жойланган. Нархи - 2,4 миллион доллар.




















