Спорт | 11:24 / 08.06.2017
13583
2 дақиқада ўқилади

Конте Диего Костанинг жавобини берди

«Челси» жамоаси бош мураббийи Антонио Конте жамоа ҳужумчиси Диего Костага у кейинги мавсум учун режаларига кирмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда 28 ёшли ҳужумчининг ўзи Испания ва Колумбия терма жамоалари ўртасида кечган ўртоқлик учрашувидан кейин журналистларга маълум қилган.

«Мавсум давомида мураббий билан муносабатларим ёмонлашди. Балки, мен яхши ўйнай олмагандирман.

Конте менга смс ёзди. У мени кейинги мавсум учун режаларига киритмаган. Шундай экан, мен янги клуб излашимга тўғри келади.

«Атлетико»га қайтаманми? Ёмон бўлмасди, лекин яхшилаб ўйлаб олиш керак. Кейинги мавсумда жаҳон чемпионати бўлади, мен эса бу жамоага ўтсам, 3-4 ой ўйнамаслигим керак», — дея Костанинг сўзларини келтирган Daily Mail.

Эслатиб ўтамиз, «Атлетико»га 2018 йилнинг январига қадар янги футболчиларни таркибга жалб этиш тақиқланган.

Бундан олдинроқ Диего Костанинг хизматларига «Милан»дан қизиқиш мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Якунланган мавсумда испаниялик ушбу ҳужумчи Англия чемпионатининг 35 учрашувида майдонга тушди ва 20 гол уриб, 10 голга ассистентлик қилганди.

Мавзуга оид