Ойга осилган байроқ (Шароф Рашидовни хотирлаб)
1983 йил эди. Отам бир неча ойдирки тўшакда қимирламай шифтга қараб ётар, уйда бор будимизни сотиб шифохонага ташир, аллақачон рўзғоримизнинг таги кўриниб қолган бўлсада, отамнинг соғайиб кетишига ишониб, шифокорлар нима деса ҳаммасини муҳайё этар, кеча-ю кундуз отамнинг олдидан бир қадам нари силжимасдик. Онамнинг қоп-қора сочлари шу бир неча кеча-ю кундузнинг ичида кўзимиз ўнгида оппоқ оқариб кетганини кўриб турар эдик.
“Мана Рашидовдай одам ҳам вафот этибди. Дўхтирлар ушлаб қололса шу одамни ушлаб қолар эди. Энди дори-дармон ташишни бас қилинглар. Энди ўлишимга ишондим. Энди мендан рози бўлиб хайрлашинглар. Мен ҳаммаларингдан розиман...”
Отам ўша куни тонголди қазо қилди. Отамнинг юрагида Рашидовга нисбатан жуда катта эҳтиром ва ишонч бор эди. Унинг кўз ўнгида буюк тоғ қулаган эди. Буюк тоғнинг қулаши олдида ўз умрининг ниҳояга етиши ҳеч гап эмасдек туюлган эди. Мен отам ўша сўзни айтганидан сўнг унинг юрагида Рашидовга нисбатан нақадар улуғ муҳаббат борлигини англаган эдим.
***
Кейинчалик ҳаётимизда бола тасаввуримга сиғмайдиган ҳодисалар рўй бера бошлади. Рашидов шахсига нисбатан тош отишлар авж олди. У пайтларда матбуотга эндигина кириб кела бошлаган эдим. Туман газетасига пахтакорлар, шоликорлар, Мирзачўл деҳқонлари ҳақида кичик-кичик лавҳалар, мақолалар ёзар, далама-дала юришдан чарчамасдим. Ўша йиллари Сирдарёнинг катта чўлқуварларидан бири Абдуллажон Турдиқуловнинг Рашидов ҳақида айтиб берган ҳикояси ҳеч эсимдан чиқмайди: “Шароф ака шийпонимизга келдилар. Обдастада сув қуйиб, қўлларига сочиқ тутдим. Катта одамга катта сочиқ бериш керак, деб ўйлаганман шекилли, тутган сочиғимга қўлларини арта туриб, оҳиста ва майин овозда: “Сочиқ ҳам катта кичиклигига қараб бир неча турли бўлади. Бадан артадиган сочиқ, юз артадиган, қўл артадиган, оёқ артадиган. Сиз менга чўмилишда артинадиган сочиқ тутдингиз”дедилар. Шароф ака бу гапларни менга кулиб ва эркалаб айтдилар. Сўзларида ҳеч қанақа дакки ва танбеҳ оҳанги бўлмасада умримнинг охиригача етадиган сабоқ олган эдим ва ўшандан кейин ҳар бир хатти-ҳаракатимга эътибор берадиган ва ҳар бир нарсанинг ўз вазифаси борлигини англайдиган бўлдим”.
***
Марказий матбуотда Рашидовга тош отиш урфга айланаётган пайтда туманимизда чиқадиган “Янгиер тонги” газетаси таҳририятида Анқабой Қулжонов билан тушлик қилишимизга тўғри келиб қолди. Анқабой ака катта олим эди. Суҳбат мавзуи айланиб Рашидовга тақалди. Шунда Анқабой ака: “Мен ҳозирги матбуотга ҳайронман, - дедилар. “Йўқ нарсани тўқиб ёзишга уста бўлиб кетди. Ахир мен биламан-ку, Шароф ака ўттиз тўрт йил республикамизнинг энг катта раҳбари бўлиб ишлагани билан тагида ҳатто битта велосипеди йўқ эди. Деҳқонда мошина бор, ошпазда мошина бор, Шароф аканинг шахсий мошинаси йўқ эди. Шахсий ҳовлиси йўқ. Давлат берган “дом”да туради. Агар Шароф аканинг нафси бўлганда ўзига битта мошина, битта ҳовли сотиб олса бўлмасмиди? Ҳамза мукофотини, Беруний мукофотини оламан деса ким “йўқ” дер эди? Академик бўламан деса, ким қарши чиқа оларди? Ҳаммаси ўзининг қўлида эди-ку?! Қўл остида шунча бойлик бўла туриб, улардан юз ўгириш фақат авлиёларнинг қўлидан келади. Тўғри Москва мукофотлаган, лекин уларнинг ҳеч бирини ўзи сўраб олган эмас, уларни олмайман дейиш мумкин бўлмаганлиги учун олган, олиш шарт бўлганлиги, у мукофотлар унинг ўзига эмас, Ўзбекистон халқининг обрўсига обрў қўшаётганлиги учун олган. Қолган республика раҳбарлари олаётганлиги учун олган. Республикамизда Рашидов даврида 1 миллион 355 минг гектар чўл ер ўзлаштирилиб, боғу-роққа айлантирилибди, бир ярим мингта савхоз ташкил этилибди. Бу осон иш эмас. Бу ўз-ўзидан бўлиб қоладиган иш эмас. Бир жонкуяр раҳбар турмаса, жонини фидо қилмаса, ҳалоллик ва адолат билан бош-қош бўлмаса, бу ишлар амалга ошармиди?!”
***
80-йиллар Тошкентдаги ҳаётим бошланди. Тошкентда адабий муҳит қайнаб ётар эди. Ҳамма гўё улкан инқилобга шиддат билан ҳозирлик кўраётгандек эди. Қайси шоир ё ёзувчига учраманг ўзининг юзлаб адабий персонажларига, образларига, дунёқарашларига, еру-кўкка сиғмас феълу-атворга эга қаҳрамонлари билан бесаранжом, шовқин-сўрон, бақир-чақир овозлари билан яшар, талаб қилар, талтаяр, ўлик сукунатни бузгиси келарди. Абдулла Ориповнинг “Тилла балиқча” шеъри босилиб чиққач, қаттиқ танқидларга учраган, газеталарда Абдулла ака ҳақида “Совет давлат”ини сассиқ кўлмакка ўхшатди дея айюҳаннос солиб, қамаш даражасигача боришган, фақат биргина Шароф Рашидовнинг кўмаги туфайли омон қолган ва Абдулла ака “Нажот қалъаси” китобини Шароф Рашидовга бағишлаган, довюрак ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” романи “Шарқ юлдузи” журналида кетма-кет босилиб чиққан, роман танқидга учраб, бош муҳаррир ишдан кетган, журнал ижодкорлари тарқатилиб юборилган, журналнинг ўзи йиғиб олиниб, гулханда ёқилган, Мамадали ака тазйиқда қочиб юрган, ниҳоят қамалиб кетмасин деб, Шароф Рашидов уни Москва этагидаги Бутуниттифоқ Ёзувчиларининг Переделкинодаги боғига қочириб юборган, бошидан қаро кунлар, зулматли лаҳзалар аримай қолган Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини Москвада икки юз минг нусхада рус тилида чоп этиб, аждарҳонинг комидан эсон-омон асраб қолган Шароф Рашидов ҳақида, қаҳрамонлиги, самимийлиги, дилкашлиги, юксак инсоний фазилатлари ҳақида гап борарди. (Албатта, Шароф Рашидов ҳақидаги гаплар бир мақолага ёки бир китобга сиғмайди. Баҳоли қудрат кичкина бир мақола билан чекланаман, холос.)
Тошкентни ўзига келсак, аср бошида 30000 аҳолига эга Тошкент икки миллион аҳоли яшайдиган, АҚШ пойтахти Вашингтондан тўрт баробар катта гигант шаҳарга айланганди. 1966 йилги зилзиладан сўнг хориж матбуоти Тошкентни қайта тиклаш учун тўрт юз йил керак деб ёзган экан. Ундай бўлмади. Тўрт йилни ичида Тошкентни икки баробар катта қилиб қайтадан бунёд этишди. Чилонзор, Юнусобод, Қорақамиш, Янгиобод, Талабалар шаҳарчаси сингари даҳа ва туманлар пайдо бўлди. Дунёдаги энг катта телеминоралардан бири қурилди. Кейинчалик Ҳиндистонда, Мисрда, Покистонда йўқ метро ишга тушди. Яна юзлаб, яна минглаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, буларнинг ҳаммасининг сон-саноғи йўқ, буларнинг ҳаммаси бугун халқимиз хизматида, бу бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларининг ҳаммаси халқимиз кўз ўнгида қад ростлаб турибди. Бу улкан зафарларнинг барчасининг бошида Шароф Рашидов турарди. Аммо буларни инкор этувчилар ҳам бор экан. Уларни ҳам кўрдик, туппа-тузук ижодкорлар разолат ва жаҳолат ботқоғига ботиши мумкин эканлигига гувоҳ бўлдик. Одамзот қай даражада тубанлашиши мумкинлигига ақлимиз етди.
***
Давримизнинг забардаст ёзувчиси, устоз Абдусаид Кўчимов шундай бир қизиқарли, ибратли ҳикояни сўзлаб берган эди: “Мен Шароф Рашидов қизини узатаётган тўйда қатнашганман. 30-40 кишилик чоғроқ давра эди. Ҳамма ўтирибди. Бир пайт Шароф ака келди ва Хурсандой онани ёнига ўтирди, бироз ўтиргач, туриб келин-куёвнинг шарафига икки оғиз сўз айтди: “Авваломбор меҳнаткаш бўлинглар. Меҳнаткаш бўлсаларинг ҳамиша бир бурда нонларингни топиб ейсизлар. Тилларинг ҳеч кимдан қисиқ бўлмайди. Иккинчидан ҳалол бўлинглар. Ҳалол бўлсаларинг, юзларинг доимо ёруғ бўлади, бировдан кўзларингни олиб қочмай яшайсизлар”. Сўнг кўп ўтирмай туриб кетдилар.
Кетар олди, барчамиз билан бирма бир қўл бериб хайрлашдилар. Шароф ака, бўйлари баланд, юзларидан нур ёғилиб турадиган, авлиёсифат инсон эди. Мана орадан қирқ йил ўтди. У киши айтган сўзлар хотирамдан ҳеч қачон кўтарилмади, қўлларининг тафти кафтимдан кетмади”.
***
Шароф Рашидовнинг кўнглини, қалби қандайлигини билиш ҳеч қийин эмас. Бунинг учун у зот қолдирган бадиий асарларни ўқиш кифоя. Рашидов асарлари қаҳрамонлари ҳаётга интилувчан, яшашни севувчи, яхшилик ва эзгулик тарқатишни олий бурч деб биладиган, кўнгли очиқ, дилкаш, самимий ва сахий одамлар. Яъни ҳар бир бош қаҳрамоннинг ички қиёфасида Шароф Рашидовнинг ўзини кўриш мумкин. Асардаги қаҳрамонлар ҳеч кимга ҳеч қачон ёмонлик истамайди. Фақат яхшилик қилади. Кишиларни ҳалол меҳнатга ундайди, муваффақиятларга эришишга, одамлар орасида ҳурмат қозонишга, меҳру-муҳаббат билан яшашга чорлайди. Асарларида саховатли ва меҳридарё ижодкорнинг юрак уриши эшитилиб туради. Ўқиган кишининг қалбида яшашга, ҳаётга, Ватанга, миллатга муҳаббати ортади. Ўзингизни янада кучли ва қудратли инсон ҳис қиласиз. Одатда мард ва довюрак одам билан сўзлашсангиз, кучингизга куч қўшилади, ҳаётга мардона назар ташлайсиз. Рашидов биографиясини ўқир эканман, ҳали Сталин тириклиги вақтида, унинг золимона хукмронлиги остида Шароф ака чиқарган ва бутун Ўзбекистон ҳаётини ўзгартириб юборган, тарихда ижобий бурилиш ясаган бир хужжатга кўзим тушди. Шароф Рашидов ҳаёти ва тарихини бирмунча ўрганган кекса олим, филология фанлари доктори Анқабой Қулжонов Ўзбекистон Олий Кенгаши Ҳайъати Раиси Ш. Рашидовнинг Ўзбекистон Компартияси Марказий Кенгаши котиби Н. А. Муҳиддиновга йўллаган мактубини Олий Кенгаш хужжатлари ичидан топиб эълон қилган. Ҳужжат ҳажми катта бўлганлиги туфайли, айрим қисмларинигина эътиборингизга ҳавола этаман:
“...Ўзбекистонда мавжуд бўлган кўпгина масжидлар, мозорлар, диний обидалар хароб ҳолатда ва улар майда эҳтиёжлар учун фойдаланилмоқда. Масалан, Тошкент ислом билим юртини очишга мўлжалланган Бароқхон мадрасасининг чап қаноти таъмирланмоқда, бу ерда эса Тошпромторгнинг керосин дўкони жойлашган. Тилла Шайх марказий жомъе масжиди сарой ҳудудида жойлашган ва диний бошқармага қарашли бино 23-мактабнинг физкультура зали билан банд. Масжид ҳовлисига эса бу бино деразаси орқали чиқилади.
Эски шаҳар майдонидаги Марказий жомъе масжиди яқинида, бевосита мадрасага алоқадор жойда қудратли репродуктор – карнай ўрнатилган, унинг овози номозхонларнинг ибодат қилаётган пайтида қўйилади ва намоз ўқиётганлар овози бўғиб турилади.
Имом Қаффол Шоший масжиди мозори атрофини эса автомашина мактаби талабалари ётоқхонаси эгаллаган. Бу масжид гумбазидаги ярим ой шаклидаги ислом дини тимсолига Қизил байроқ ўрнатилган, Зайниддин Шайх Жомъе масжиди ёнидаги мозор эса меъморчилик бошқармаси ихтиёрига берилган, қулф осиб қўйилган. Оқибат натижада мусулмон уламолари ушбу мозорни чет эллик меҳмонларга кўрсата олмади, чунки қаровул калитни ўзи билан олиб кетган, қоровулни ҳар қанча излашса ҳам топишнинг иложи бўлмади, чет эллик меҳмонлар олдида, ноқулайлик вужудга келди.
Занги ота масжиди ва мозори Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган, унга кўрлар жамиятининг арқон тайёрлашга мослашган корхонаси ўрнатилган.
Эслатилган барча масжид ва мозорлар нафақат меъморчилик ёдгорликларининг бебаҳолигини тасаввур этишга имкон беради, айни чоғда хорижий Шарқ мамлакатлари мусулмонларига “Муқаддас жой” сифатида жуда машҳур. Ўзбекистонга сафар қилаётган чет элликларда, айниқса, мусулмон мамлакатларидан ташриф қилаётган вакилларда бу муқаддас жойлар катта қизиқиш уйғотмоқда, улар бундай жойларни бориб кўришга интилмоқдалар.
Масжид ва қабристонларни нобоп асраш ва фойдаланишда келтирилган бу хилдаги фактлар Худога ишонувчилар ва номозхон кишиларда норозилик туйғусини юзага келтиради, айни вақтда, хорижий меҳмонларда нохуш таассуротлар уйғотади ва бу ҳол хорижда салбий садо беради. Буларнинг барчаси америка-инглиз империалистларига ғаразли мақсадларда бизнинг совет тузумимизга қарши туҳмат қилишда фойдаланиш учун қўл келади.
Бу ишга Ўзбекистон КПМК раёсатининг аралашувини зарур деб ҳисоблайман.
Қарор лойиҳасини тақдим этаман.
Ш. Рашидов”.
Ш. Рашидов тайёрлаган қарор лойиҳаси қабул қилинди.
Ердаги одамни хўрлаш унинг кўкдаги ҳимоячисини инкор этишдан бошланади. Совет давлати, Худо йўқ, дин – инсон учун заҳар дер эди ва миллионлаб диндорларни ўлдириб юборганди. Ўзбекистондай мусулмонлар юртида бирорта ҳам одамга номоз ўқишга, мусулмонлик қилишга рухсат берилмас, Қуръон ўқиган одам ё қамалар ёки отиб ташланар эди. Айниқса, Сталин таҳорат олган одамни ҳам ўн беш йил қаттиқ режимдаги турмага ташлар, боғчадан тортиб дорилфунунгача ҳамма-ҳамма жойда илоҳий ҳаёт йўқ, инсон ўз тақдирини ўзи ўз қўли билан яратади, инсоннинг ўзини ҳам инсоннинг ўзи яратади, инсон маймундан келиб чиққан, ягона раҳбарларинг коммунистик партия, совет раҳбарларига сўзсиз, эътирозсиз итоат этишларинг шарт деб ўргатар эди. Сталин ҳам, Хрушчев ҳам, Брежнев ҳам тирик Фиръавнлар эди. Мана шундай зулм бениҳоя авж олиб, мустабидларнинг қиличидан қон томиб турган, қатағон кучайиб, эркинлик истаган оддийгина сўзлари учун Шайхзода, Шукрулло, Саид Аҳмад, Шуҳратлар йигирма, йигирма беш йилларга қамалган пайтда Олий Кенгаш Раиси Шароф Рашидовнинг масжидларни тиклаш, мадрасаларни ободонлаштириш, диний журналларни чиқариш ҳақидаги қарори Москвадаги аждарҳоларнинг кўзига ханжар суқишдай гап эди. Ҳар бир Фиръавн учун битта Мусо бор деганлари айни шу эди. Маънавий жасорат деганлари ҳам айни шу эди. Динни заҳар эмас, ягона малҳам деганлари айни шу эди. Бир одамнинг бутун бошли қўшинга, минглаб саф тортиб турган солдатларга, юзлаб танкларга, минглаб пулемётларга, минглаб автоматли, қурол аслаҳали қаттолларга қарши жангга отланди ва енгиб чиқди деганлари айни шу эди. Худо Шароф отанинг бу жасорати учун ўзи мукофотласин, Абу Лайс ас-Самарқандий ҳазратлари “Масжидларни улуғлаш Аллоҳни улуғлашдир” деган эдилар, ерда Худонинг уйи-масжидларни обод қилган муҳтарам зотга, Оллоҳ таоло жаннат боғчаларидан кўркам жойлар ато этсин.
***
Суҳбатларимиздан бирида Тошкент шаҳар Бош имом хатиби Анвар қори Турсунов: “Шароф Рашидовнинг юзи жуда ҳам нурли, юзидан меҳр балқиб туради, ҳудди ўзига жалб этувчи хуш оҳанрабоси бордек. Худо бундай нурни фақат номоз ўқиган фариштали одамгагина беради. Шароф ота кечалари ҳеч кимга билдирмай таҳажжуд намозларини ўқиган бўлсалар керак, агар бу сўзимни Шароф отанинг оила аъзолари тасдиқласалар, мен ҳеч иккиланмай бу тасдиққа ишонаман”, деган эди.
***
Ушбу мақолани ёза туриб ўз ўзимга яна бир бор савол бердим. Хўш ушбу мақолани ёзишдан мақсадим нима? Нега ёзаяпман? Авваламбор ҳар бир инсон ким ҳақидадир бирор яхши гап эшитса, шу яхши гапни яна бировларга етказиб қўйиши бу унинг инсоний бурчи эканлигини билганим учундир. Қолаверса, ўша яхши одамга тош отилиб турган пайтда бу жуда муҳимдир. Ҳозир тошлар отилиши тинган пайт. Аммо Шароф Рашидов тўлалигича эгаллаши лозим бўлган юксак эҳтиром ҳали мақомига етгани йўқ. Ҳали тарихий ҳақиқатни тўлалигича тиклаганимиз йўқ. Бу эҳтиромнинг энди Шароф Рашидовга балки кераги йўқдир. Аммо ўз қадримизга ўзимиз етадиган миллат бўлишимиз, ўзимизни миллат сифатида тўлақонли шакллантиришимиз учун тарихий ҳақиқатни тиклаш бизнинг ўзимизга керак. Биз қуллик психологиясидан ўзимизни халос этишимиз, “Бўладиган эл ўз боласини ботирим” дейдиган, “Йўғини яширадиган, борини оширадиган”, “Бешовлон битта бўлса, бўлмаганни бўлдирадиган”, “Султон суягини хўрламайдиган” мақомга эришишимиз керак. Қайси миллат ўзининг буюк миллатдошини оёқ ости қилади. Албатта, бири икки бўлмайдиган, ўзини ўзи еб битирадиган, ўзини ўзи хўрлаб, ўз оёғидан ўзини пастга тортадиган миллат шундай қилади. Ер юзида бегуноҳ одам йўқ. Жорж Вашингтонни айби йўқми? Унинг айбларини бир-бир санасангиз бир китоб бўлади. Буни америкаликлар ҳам билади. Аммо америкаликлар бу ҳақда лом-мим демайди. Агар айтганларида Америка бугунги тараққиётига эришмаган бўлар эди. Улар Жорж Вашингтонни буюк деб улуғлашди ва Америка бугунги буюк тараққиётини бошидан кечирмоқда. Жорж Вашингтонни мисол тариқасида айтаяпман. Кеннедини, Франклинни, ёйинки Наполеонни, Шарл де Голлни, Маргарит Тетчерни, Черчиллни ҳам мисол қилиб келтириш мумкин. Америка ўтган Президентларидан ҳали бирортасини шу пайтгача ёмонлаб чиққани йўқ. Сабаби, Президентларини ёмонлашса, улар ўзларини ёмонлашган бўлади. Президентларини ёмонлашса, миллатнинг ичига раҳна тушади. Миллатнинг буюклигига шубҳа оралайди. Миллатнинг ичида бир-бирига ишончсизлик пайдо бўлади. Бирлик, аҳиллик йўқолади. Қуллар ҳеч қачон бир бирига ишонмаганидек, поракандалик бошланади, душман миллатни парчалайди, бўлинган миллатни эса босиб олиб эгалик қилиш эса осонлашади.
Рашидов вафотидан сўнг ҳам шу воқеа содир бўлди. Рашидовни айблашди. Бунга розилар топилди. Айблангандан сўнг, юз минглаб одам сўроққа тутилди, ўн минглаб одам қамалди, тонна-тонна Ўзбекистон олтинлари ташиб кетилди. Юқори лавозимларни ўзга юрт вакиллари эгаллади. Ўзбек халқи уларнинг хизматкорига айланди. Агар биз бугун Шароф Рашидовни фақат қоғоздагина эмас, қалбимизда ҳам оқламасак бу ҳолат, бошимизга тушган ва тушадиган ана шундай кўргуликларга ҳали ҳамон рози эканлигимизни англатаверади. Бундай ҳолдан бизни Худо асрасин. Дунё ҳамжамиятининг олдида Ўзбекистон кичкина давлат, кичкина миллат. Шу кичкина миллат бирлашса қудратли кучга, қудратли давлатга айланиши мумкин. Бунинг учун буюкларимизни буюк дейишга, бир-биримизни эса буюк бўлишга даъват этишни, бир-биримизни қўллаб-қувватлашни, бир-биримизга оқибатли бўлишни, бир-биримизнинг қадримизга етишни ўрганишимиз керак. Мен ўзим эса албатта шундай бўлишига ишонаман. Шароф бобомизнинг муқаддас руҳлари эса бошимиз узра абадул абад мағрур ва мамнун парвоз этиб юражак !
Муҳаммад Исмоил
Мавзуга оид
08:02 / 06.09.2024
Шароф Рашидовнинг ўғли Илҳом Рашидов вафот этди
17:13 / 18.11.2023
«Лойиҳада пастроқ қурилиши керак бўлган» – Тошкент телеминораси нега режадан баландроқ қурилганди?
12:45 / 29.07.2023
«Ундан ҳатто Брежнев ҳам қўрққан» – «Пахта иши» ва Афғон уруши ташкилотчиси Андропов нега Рашидовга қасдлашиб қолганди?
16:17 / 05.11.2022