Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳри аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлиги учун раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чиқди.

Қарор билан аҳолига бирламчи ёрдам кўрсатиш тиббий муассасаларининг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, амбулатория-поликлиника муассасаларининг тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати, стационарлар ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам марказлари билан ўзаро ҳамкорлигининг амалий механизмларини жорий этиш, шунингдек, Тошкент шаҳри аҳолиси учун қулай ва малакали бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши юзасидан улар раҳбарлари ва мутахассисларининг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида:

Тошкент шаҳрининг туман марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникаларининг, шунингдек, улар раҳбарлари ва мутахассисларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

аҳолига энг кўп учрайдиган касалликларни профилактика қилиш ва даволаш бўйича алоҳида беморлар ҳамда бутун оила даражасида тиббий хизматлар кўрсатиш;

аҳолига малакали бирламчи, биринчи навбатда касалликларни профилактика қилиш масалаларида тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, туғруқ ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар, ҳомиладор аёллар, болалар, шунингдек, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликларга чалинган беморлар ҳамда ўзгалар кўмагига ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар ўртасида доимий патронаж ишларини амалга ошириш;

оилада тиббий маданиятни ошириш ва ҳар бир кишининг ўз саломатлиги ва болалари саломатлиги учун масъулиятини оширишга йўналтирилган дастурларни амалга ошириш орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи асосларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш;

аҳоли ўртасида баркамол соғлом авлодни тарбиялашга, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга, тиббий этика ва деонтология, санитария-гигиена кўникмалари, оқилона овқатланиш қоидаларига риоя этишга, туғма патология ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

миллий календарга биноан профилактика эмлашларини ўтказиш йўли билан бошқариладиган инфекциялар ва уларнинг асоратларини профилактика қилиш;

юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфи омилларини барвақт аниқлаш механизмларини жорий этиш йўли билан аҳоли ўртасида касалликка чалиниш, ногиронликни ва барвақт ўлимни профилактика қилиш;