Жаҳон | 11:25 / 09.06.2017
9845
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Хитой раҳбарлари нималарга келишиб олди?

Фото: akorda.kz

Қозоғистон ва Хитой ўзаро ҳамкорлик бўйича бир қатор ҳужжатларни имзолашди.

Оқўрдада давлат раҳбарлари Нурсултон Назарбоев ва Си Жинпинг иштирокида ҳужжатлар имзоланган. Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ўртасида ҳужжатлар имзоланган. Хусусан, икки давлат Қозоғистонга тўғридан-тўғри инвестиция киритилишини таъминловчи Хитой-Қозоғистон ҳамкорлиги фондини алоҳида ҳолларда солиқдан озод этиш ҳақидаги келишув имзоланган.

"Бугунги музокараларда биз энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаси, шунингдек, трансчегаравий сувлардан фойдаланиш, хавфсизлик тизимларидаги ҳамкорлик ҳамда илмий-техник соҳалар, шунингдек киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик", - деган Нурсултан Назарбоев шартномаларни имзолаш маросими якунида ўтказилган матбуот анжумани вақтида.

Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари кино ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликка келишишган, Хоргос дарёсида "Чукурбулак (Алмали)" бетон тўғонини қуриш, шунингдек, суперкомпьютер ва лаборатория жиҳозлари етказиб бериш бўйича ҳамкорлик ҳақида келишувларни имзолашган.

"Бугун биз кўргазмага борамиз ва биргаликда телекўприк очамиз, унда ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида гаплашамиз. Икки томонлама интеграцияни йўлга қўйишда стратегик ташаббуслар икки давлат учун ҳам янги имкониятларни очади. Бизнинг мамлакатимиз океанларга чиқа олмайди, Хитой орқали Тинч океанига чиқишимиз мумкин", - деган Нурсултан Назарбоев.  

Бундан аввалроқ Қозоғистон президенти қайд этгандики, икки давлат ўртасида ҳал қилинмайдиган масала йўқ. Президентнинг сўзларига кўра Хитой Қозоғистоннинг иқтисодий соҳадаги асосий ҳамкори ҳисобланади.

Бугун Қозоғистон пойтахтида Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити очилади. Остонага ташкилот таркибидаги давлатлар раҳбарлари етиб келишган. Остона саммитидаги асосий воқеа Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТнинг тўлақонли аъзоларга айланиши бўлиши кутилмоқда. ШҲТ саммити иштирокчилари Остонадаги EXPO-2017 кўргазмасига ҳам ташриф буюришади, бу маросимда иштирок этишини 17 давлат раҳбарлари тасдиқлаган.

Мавзуга оид