Остона шаҳрида “келажакдаги энергия”га бағишланган ЭКСПО-2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазма ўз ишини бошлади. Қозоғистон собиқ иттифоқ давлатлари орасида бундай кўргазмани ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган илк мамлакатга айланди.

ЭКСПО-2017 10 июнь-10 сентябрь кунлари мобайнида бўлиб ўтади. Ташкилотчилар “яшил энергетика” соҳасидаги энг яхши ишланмаларни намойиш қилишга ваъда беришган. Кўргазмада пойга электромобили, қуёшли батареялардаги самолёт, рассом-роботлар тақдим этилади. 

 

Кўргазмада 100 дан ортиқ давлатлар иштирок этиши, 3 мингга яқин амалий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Кутилишича, ЭКСПОга 2 миллиондан ортиқ киши ташриф буюради, уларнинг тахминан 15 фоизи хорижликлар бўлади, биринчи навбатда – МДҲ давлатлари ва Хитой фуқаролари.

Ташкилотчиларнинг тахминича, Остонадаги Бутунжаҳон кўргазмасига Еврокомиссиянинг энергоиттифоқ бўйича вице-президенти Марош Шефчович, Хитой етакчиси Си Цзиньпин ва бошқа қатор давлат раҳбарлари ташриф буюради.

ЭКСПО – энг янги илмий-техник ихтироларга бағишланган йирик халқаро кўргазма бўлиб, 1851 йилдан бери ўтказиб келинади ва ҳар йили алоҳида мавзуга бағишланган бўлади.

Тайёргарлик

Қозоғистон Халқаро кўргазмалар бюросига 1997 йилдан бери аъзо ва ЭКСПОда 2005 йилдан қатнашиб келади.

Мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда халқаро кўргазма ўтказиш нияти борлиги ҳақида илк бор 2008 йилда Испаниянинг Сарагоса шаҳрида бўлиб ўтган ЭКСПОга ташрифи давомида айтиб ўтганди.

2011 йилда мамлакат ЭКСПО-2017ни ўтказиш учун мурожаат юборди, ҳамда кейинги йилнинг ноябрида Халқаро кўргазмалар бюросининг 152-Бош ассамблеясида Остона кўпчилик овозни олиб, Бельгиянинг Льеж шаҳрини ортда қолдирди ва ЭКСПО-2017 ўтказиладиган жой, деб эълон қилинди.

Бутунжаҳон универсал кўргазмасидан фарқли равишда ихтисослаштирилган кўргазмадаги барча иншоотлар қабул қилувчи томон тарафидан қурилади.

Кўргазма тимсоллари

ЭКСПО тимсолларига кичик одамчаларнинг турли рангдаги шакллари айланди: бири – Сауле исмлиси (“ёғду”) қуёшни англатса, иккинчиси - Куат ("куч") – ер кучини билдиради, учинчиси – Молдир эса ("шаффофлик") – тоза ҳаво ва сувни гавдалантиради.