Охирги имконият: Ўзбекистон терма жамоасига энди Мураббий керак
Ўзбек футбол мухлисларининг муборак Рамазон ойидаги оҳу-зорлари кечикмасдан Худога етиб борди!
Учинчи ўрин учун таъқибчиларимиз Хитой ва Сурия 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, иккисидан бири бизга хавфли масофада яқинлаша олмай, биз учун идеал натижага эришишди, иккинчи ўрин учун тўғридан-тўғри рақобатчимиз Жанубий Корея эса Қатарда 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Гарчи Эронга ютқазиб, уларга мундиал йўлланмасини (ва биринчи ўринни) муддатидан аввал тақдим этган бўлсак-да, ЖЧ-2018нинг иккинчи йўлланмасини тўғридан-тўғри қўлга киритиш учун ажойиб имкониятни сақлаб турибмиз...
Фақат бунинг учун Самвел Бабаянга зудлик билан чиқиш эшикларини кўрсатиб, хориждан етакчи мураббий чақириш лозим бўлади. Хитой ва Ж.Кореяга қарши кечадиган қолган икки ўйинда Бабаян бизни қониқтирадиган 100 фоизлик кўрсаткичга эриша олмаслиги аниқ. Сергеев, Лобанов, Андреев, Ҳошимов каби ўйинчилари бундай муҳим ўйинларда қовун тушириши аниқ!
Россия мундиалига чиқишимиз ва у ерда қатнашишимиз шарт. Бунинг асосий сабабини пастроқда тушунтираман. Бутун халқ, футболчиларимиз ҳам буни исташаяпти. Ахир бундай имконият бошқа қачон келишини ёлғиз Аллоҳ билади. Бабаян истамайди фақат, демоқчи эмасман. У ҳам истайди албатта, унинг ҳам тарихда қолгиси келади. Лекин Бабаянни истаги ўз имкониятларига мос эмас.
Биргина мен учун эмас, барча учун терма жамоамиз қадрли ва суюкли. Бабаян ҳам, бошқа мураббийлар кетади — терма жамоа қолаверади. Биз мухлислар учун терма жамоа манфаатлари ҳар доим устун бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Бутун дунё футболида ғалабалар жамоаники, мағлубият учун мураббий масъул ҳисобланувчи «ёзилмаган қонун» мавжуд. Бизда эса тескариси! Ғалаба — Бабаянники, мағлубият эса биз — мухлисларга!
Ҳар қандай хориж терма жамоаларида бизда ҳозир қайтадан пайдо бўлган имконият каби вазият юз берганида, аллақачон бош мураббийни истеъфога чиқариб юборган ва вазиятни ўнглаган бўлар эди. Э, имконият пайдо бўлмаганида ҳам Эрондан кейин ё ўзи истеъфога ариза ёзарди ё паттаси қўлга тутқазиларди ҳар қандай мураббийнинг!
Эй, барака топгурлар! Шу жафокаш терма жамоамизни ҳам бир мартагина профессионал устасига топширайлик! Бўлди энди «маҳалламизнинг мардикорлари»га ишонганимиз.
Хуллас, айнан хорижлик етук мураббийга ЖЧ саралаши+бонус+мундиал+ОФК кубоги кўринишида шартнома тақдим этибгина асрий орзумизга эришишимиз мумкин. Чунки тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритишдан кўра, учинчи ўринни эгаллаб, плей-оффларда иштирок этишимиз аниқроққа ўхшаяпти. Бабаян ва МТЖ бир-бирига мос эмаслиги кундан-кунга кундай равшанлашмоқда. У эплолмайди. Сал нотўғри тактика ва стратегия танласа, шу учинчи ўриндан ҳам қуруқ қолишимиз ҳеч гап эмас.
Ҳозирги вазиятимизни Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Тимсоҳнинг кўз ёшлари» қиссасида тасвирланган ҳолатга ўхшатаман. Халқимиз севадиган, ардоқлайдиган, мағлубиятларини тезда унутадиган терма жамоамизни хокисор бир қизга менгзасак, уни хорлайдиган, калтаклаб майиб қиладиган жоҳил «эр»га «ҳаммаси ҳали яхши бўлади», деб қайта-қайта ишониб топширавериш инсофданмикан?
Ўзингиз эсланг: М.Қосимов раҳбарлигидаги жамоанинг кутилмаганда КХДРда қақшаткич мағлубият қабул қилиб олганидан сўнг терма жамоа Бабаянга ишониб топширилди. КХДР, Яман, Филиппин, Баҳрайн каби ўртамиёна терма жамоалардан иборат гуруҳда кетма-кет 7 та ғалаба қозонилди. Ўшандаёқ Бабаян энди терма жамоа рулини тарк этиши, учинчи босқични етукроқ мураббий билан бошлаш кераклигини таъкидлагандим.
Аввал бошда ЖЧ саралашининг учинчи босқичи учун қуръа ўта омадли келди. Саудия билан ўзимиз тушганидан ташқари қолган 5 та саватга бўлинган жуфтликлардан қай бири гуруҳимизда бўлиши маъқулроқ, дея таҳлил қилинганида, айнан мақбул, деб топилган жамоалар рақиблик қила бошлади.
Саралаш турнирини ҳам икки ғалаба билан, тарихда илк марта жуда омадли тарзда бошладик. Боз устига, ўша қайғули кунларда бу халқимиз учун ўзига хос юпанч вазифасини бажариб берди. Йигитларга ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди.
Аммо, секин-аста омад деганлари бизни тарк эта бошлади. Кореяда ва меҳмонда Сурия билан ўйинда кетма-кет мағлубият аламини тортдик ва Бабаян билан кўзланган мақсадга эришиш қийин бўлиши ойдинлашди-қолди.
Шахсан мен ҳеч қачон бу мутахассисга ишонмаганман. Шу лавозимга тайинланганидан буён уни бу вазифага нолойиқ, деб билиб келаман. Чунки бизни маҳаллий мутахассислар ЖЧга олиб чиқолмаслиги кундек равшан нарса. Бўлиб ҳам, Бабаяндек мутахассис. Унинг Олимпия терма жамоасини нима қилганини ҳали ҳеч ким унутгани йўқ!
Энди гуруҳимиздаги ва иккинчи гуруҳдаги терма жамоалар таркибига кўз югуртиринг. Уларни бошқараётган мутахассислар қаерлик? Уларнинг барчаси хориждан топ мутахассисларни жалб қилишган.
Нима демоқчиман? Мен футболчи йигитларимизнинг салоҳияти ЖЧга чиқиш ва у ерда ўйнаш учун мутлақо етарли, деб биламан ва уларга ҳар доим ишониб келганман. Қолганлар ҳам ишонади. Барча кўргуликларимизда маҳаллий мутахассисларни айбдор, деб биламан.
Мабодо, хорижлик мутахассис иккинчи ўрин билан ҳам ёки учинчи ўрин билан ОФК ва қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали ЖЧга чиқаришни уддалай олмаган тақдирда ҳам Бабаян «менга имконият берилганида чиқара олардим», дея таъна қилишидан ҳайиқмаслик керак. Унинг таънаси ўзидан бошқа ҳеч кимга қизиқ ҳам эмас ва дарҳол унутилади ҳам.
Эрон билан ўйиндан аввал терма жамоамиз таянч яримҳимоячиси Азиз Ҳайдаров билан уюштирилган суҳбат Интернетда тарқалди. Унда Азиз терма жамоамиз ЖЧга чиқишга тайёр эмас, дегандек фикрни илгари сурибди...
Аввало, генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас.
Иккинчдан, миллий чемпионатимизда яхши ишлов берилса бемалол ЖЧ даражасида тўп сура оладиган футболчилар талай. Фақат уни Бабаян излаб, топиб кўриши керак, холос. Лекин табиатан унга бундай туйғу берилмаган кўринади. Бабаян фақат ўзи ишонган, кўриб юрган «Пахтакор»да ўйнаётган ва «Пахтакор»да ўйнаган футболчиларига ишонади.
Йўқса, Даврон Ҳошимов, Игорь Сергеев каби футболчилардан Эрон билан ўйинда шу тарзда фойдаланармиди?
Азиз ва азиз футболчиларимиз!
Виктор Борисов қўл остида 2003 йилда илк бор ёшлар ўртасида ЖЧда иштирок этган «олтин авлод» футболчиларимиздан айримлари ҳамон МТЖ таркибида. Инилеев сайқал берган футболчилар, Абрамов даврида майдонда қанот ёзган юлдузларимиз ҳамон таркибда.
Сизлар ўзларингиз бошлаган хайрли ишни якунлаб беришларингиз — Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, уни кейинги авлодга топшириб кетишларингиз керак.
Сизлар ЖЧда катта ҳисобларда ютқазамиз, ҳозир тайёрмасмиз, чиқишдан фойда йўқ, деманглар асло! Сизлар футболимизнинг «Гагарини» бўлинглар — илк марта мундиал йўлланмасини қўлга киритиб беринглар. Айнан сизлар бошлаб беринглар, шундан сўнг Мундиалда иштирок ўзбек футболи учун доимий бўлади. Бу — аниқ!
Мундиалда сиздан ҳеч ким натижа талаб қилмайди, муҳими у ерда иштирок этишингиз!
Айни пайтда юртимизни иқтисодий томондан равнақ топтириш учун туризм соҳасига жуда катта эътибор берилмоқда. Президентимиз туризм соҳасини янада ривожлантириш учун қатор қарор ва фармонларни имзолаб бўлди.
Энди юртимизга келадиган меҳмонлар учун ўзимизни, юртимизни, тарихимизни танитишимиз қолди, холос. Биринчи президентимиз И.Каримовнинг «Ҳеч нарса спортчалик мамлакатни дунёга машҳур қила олмайди», деган пурмаъно гаплари бор эди.
32 та бахтли терма жамоа ичида Россияда ўтадиган мундиал йўлланмаси қўлга киритилса, бутун дунё бизни таниб олиши учун жуда катта қадам ташланган бўларди. Бу борада айнан сизлар юртимизни беминнат текин реклама қилиб берган бўлардингизлар. Мундиални миллиардлаб инсонлар кузатади, ахир! Уларнинг аксарияти потенциал туристлар ва улар юртимиз, унинг шонли тарихидан бехабар.
Боз устига, Россия майдонларида сизлар худди ўз уйингизда ўйнаётгандек, сизни севувчи мухлисларингизга тўла стадионларда тўп сурасизлар! Бунақа имконият бир асрда бир марта берилади.
Мутасаддиларимиз ҳам бу борада бир ёқадан бош чиқариб, жиддий ўйлаб кўришса бўлар эди. Европада кўплаб етук мураббийлар айни пайтда ишсиз. Улардан бирининг МТЖмиз рулига таклиф қилинишининг ўзиёқ жаҳон миқёсида катта шов-шув келтириб чиқаради.
Хуллас, футболчиларимиз ортиқча ўй-хаёлларга Ватан равнақи йўлида бор куч-ғайратини ишга солса, Мундиал йўлланмасини қўлга киритса халқ улардан абадул-абад рози бўлади.
Фақат бу орзу-умидларимизга Самвел Бабаян билан эриша олармиканмиз?
Менимча, ҳеч қачон!
Шуҳрат Шокиржонов.
Мавзуга оид
14:32 / 29.06.2024
Расман: «Навбаҳор» ва Бабаян ўзаро келишувга асосан шартномани бекор қилишди
13:00 / 12.11.2022
Пойтахт клубларининг 21 йиллик ҳукмронлиги давом этадими? Тошкентда дерби, Кападзе – Бердиев, Қосимов Бабаянга қарши
19:03 / 14.09.2022
ЎФА журналистга тазйиқ ўтказган Самвел Бабаянга чора кўрди
16:54 / 12.09.2022