Футболимиз бир нарсага ёлчимаган — ўйинларни тактик жиҳатдан таҳлил қилиб берадиган мутахассисларга. Балки бундай мутахассислар бордур, лекин улар омма олдига чиқиб, ё ҳамкасбининг ношуд тактикасини фош қилишдан андиша қилади, ёки шунчаки чўчишади.

Миллий терма жамоамиз неча йиллардан бери мазмунсиз ўйин кўрсатиб келади. Лекин бирорта мутахассис чиқиб, видеошарҳлар, мақолалар, суҳбатлар орқали жамоа ўйинини таҳлил қилиб бермайди. Журналистлар эса Бабаян ва унинг штабини қанчалик танқид қилмасин, жамоасининг нурсиз ўйинларини мунтазам гапирмасин, улар шунчаки «сенлар футболни тушунармидинглар» қабилида кулиб қўйишдан нарига ўтишмайди. Агар мутахассисларимиз ҳам таҳлил қила бошлашганида, балки терма жамоа штаби ўз хатоларини эртароқ тан олишни бошлаган бўлармиди?! 

Ҳар сафар бир хил хатолар, ортидан мухлислар ва журналистлардан кескин танқидлар. Лекин бунга реакция йўқ. Гуруҳимизда қониқарсиз ўйин ва натижа кўрсатаётган деярли барча терма жамоалар ўз мураббийларини ўзгартирди. Федерациямиз эса Бабаян штабига охиригача имкон беришга қарор қилди. Худди ҳаммаси бинойидек. Асосий таркиб футболчиларимиз ЖЧга чиқиш имкониятимиз йўқлигига ўзини ва бошқаларни ишонтириб боряпти. Бу уларнинг мураббийлар штабига, улар тузган жамоага ишончсизлигидан дарак эмасми? Демак, улар ҳам жамоада иш тўғри йўлга қўйилмаганини, таркиб ва тактика тўғри танланмаётганини жуда яхши билишади. Фақат баралла айта олишмайди. Худди шундай мутахассисларимиз ҳам, мутасаддилар ҳам билиб туришипти. Аммо улар жим. 

Футбол мутахассиси эмасман. Бу соҳада назарий ёки амалий билимга ҳам эга эмасман. Бироқ бу — терма жамоамиз ўйини нотўғри қурилаётгани, таркиб ва услубдаги хатоларни кўришимга халақит қилмайди. Охирги ўйин мисолида уларнинг айримларини санаб ўтаман. Агар хато қилаётган бўлсам, жаноб мураббийлар исботлаб беришсин бундай эмаслигини.

Эрон билан ўйинда мени ҳайрон қолдирган биринчи ҳолат — Сергеевнинг чап қанотга қўйилиши бўлди. Тўғри, бу позиция у учун бегона эмас. Яхши ўйин намойиш этиб бериши ҳам мумкин эди. Дейлик, мураббийлар унинг ҳимояга ҳам ёрдам бера олиши, жисмоний фаоллигини назарда тутиб асосий таркибда майдонга туширишгандир. Эрон қанотларда кучлилигини ҳисобга олишган. Шунинг учун Машарипов-Рашидов эмас, ҳимояга кўпроқ ёрдам бера оладиган Сергеев-Шомуродов вариантида тўхталинган. Аммо ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан то охиригача Сергеевнинг майдонда олиб қолиниши юқоридаги фаразларимни йўққа чиқариб юборди. Игорнинг ўйинини алоҳида кузатдим ва у майдонда нима қилаётганини тушуна олгани ҳам йўқ кўп ҳолатларда. Унинг чап қанотни шунчаки эгаллаб туриши Шомуродовнинг бу қанотда самаралироқ ўйнаши факториниям йўққа чиқариб юборди. Бу — бир эмас, биратўла икки футболчимизни «ўйиндан чиқиб» қолганини англатади. Жиддий нуқсон бу.