Бугунги кунда ўзбек зиёлилари қандай адабиётлар мутолааси билан банд ва айнан нима учун? Айнан мана шундай саволлар билан «Янги китоб» нашриёти ва ziyouz.uz портали ҳамкорликда кичик тадқиқот ўтказди ва 120 дан зиёд жавоб олди. Ана шу тадқиқот хулосаси айрим қисқартмалар асосида берилмоқда.

Шукрулло, Ўзбекистон халқ шоири: — «Бўш қоп тик турмас» деганларидек, ёзувчининг иши фақатгина ижод қилиш эмас, у муттасил ўқиши, ҳаётни ўрганиши, жаҳондаги воқеа-ҳодисалардан, адабий жараёндан бохабар бўлиши ҳам керак. Ҳозир фақат китоб мутолааси билан  бандман. Акмал Саиднинг «Ҳазрати Занги Ота», Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Руҳий озуқа махзани», Ғиёсиддин Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарларини, Ҳалима Худойбердиеванинг янги китобини ўқияпман.

Умарали Норматов, филология фанлари доктори, профессор: — Мен шу кунларда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» номли романини ўқияпман. Бир қарашда асар учун танланган мотив ғарбча бўлса-да, романни ўқиб, чинакам ўзбекона руҳни ҳис қилдим.

Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси: — Ойбек домланинг «Болалик» асарини қайта ўқияпман. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» китоби столимда турибди. Ўткир Ҳошимовдаги тилнинг тозалиги, руҳнинг софлиги менга ёқади. Деярли ҳар куни болаларга оид китобларни ўқишга, варақлашга тўғри келади. Афсуски, бугунги болаларимизнинг китобхонлик даражаси мақтагулик эмас. Уларнинг сўз бойлиги жуда кам, 1200-1300 та сўз, холос…

Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоири: — Ҳозир Шайх Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си таржимаси билан бандман. “Маҳзанул асрор” ва “Лайли ва Мажнун” чоп этилди. Бошқа достонларни ҳам Худо хоҳласа 2018 йилгача тамомламоқчиман.

Эркин Малик