Самарқандда ўз дўстини ўлдирган шахс уч йилга қамалди
Жасур билан Умид бир маҳаллада яшашади. Маҳалладагилар кўпинча шу ердаги чойхонага йиғилиб, овқатланишади, суҳбат қуришади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Ўша куни ҳам чойхонага маҳалладошлар йиғилган эди. Кечқурун чойхонага Жасур ҳам кириб келди. У ҳамма билан саломлашиб, Умид ва Эркиннинг ёнига ўтирди. Ичкиликсиз томоғидан овқат ўтмайдигандек, Жасур дўконга бориб, ароқ олиб келди. Шишалар бўшагач, улар анча маст бўлиб қолди. Чойхонага йиғилганлар овқатланиб бўлиб, уйларига тарқалишди. Эркин ҳам уйига кетди.
Жасур билан Умиднинг эса кетгиси йўқ эди. Чойхонада улардан бошқа ҳеч ким қолмади. Ширакайф йигитлар яна бир шиша ароқни бўшатишди. Икковининг ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқа бошлади. Ҳозиргина апоқ-чапоқ бўлиб ўтирган улфатларнинг феъли айниди. Эс-ҳуш чегарасидан буткул йироқлашган йигитлар арзимас нарсага тортишиб, бир-бирини сўка кетди. Шу пайт Жасур стол устида турган чойнакни олиб Умиднинг бошига зарб билан урди. Чинни чойнак парчаланиб кетди. Боши ёрилган Умиднинг Жасурга жавоб қайтаришга ҳоли қолмади. У бир амаллаб уйига кетди. Жасур ҳам кетишга отланар экан, ичидаги шайтон “гиж-гиж”ладими, чойхона эшигининг ойнасини бир уриб синдирди.
Кечқурун чиқиб кетиб, ярим тунда пешонаси қон бўлиб кириб келган Умидни хотини хавотирланиб кутиб олди.
- Нима бўлди?
- Жасур урди, - деди Умид ғўлдираб.
- Қайси Жасур? Нимага уради?! – сўради Гулжаҳон жиғибийрон бўлиб.
- Йигитчиликда бўлиб туради...
Умид шу билан жойига ётиб, ухлаб қолди. Хотини унинг юзларини артиб, пешонасидаги жароҳатга дори суртиб қўйди. Орадан ярим соат ўтиб, Умид алаҳсирай бошлади.
- Мазангиз бўлмаётган бўлса, шифохонага олиб борайми? – деди ташвишланган Гулжаҳон.
- Ярим кечаси болаларни ташлаб қаерга борамиз, - Умид шундай деб, яна ухлаб қолди.
Тонг отди. Умид яна жароҳат азобидан инграй бошлади. Унинг бошини қайтадан кўздан кечираётган Гулжаҳон чинни парчаларини топди. Тезда бориб қайнонасига айтди. Аёл ўғлини ким бу кўйга солганлигини билиш учун чойхонага йўл олди. Бу пайтда Умиднинг нафас олиши секинлаша бошлади. Гулжаҳон ҳамшира бўлиб ишловчи қўшниси Дилором опани чақириб келди. Ҳамшира Умидни кўриб, беҳуш бўлиб қолганлигини, тезда шифохонага олиб бориш кераклигини айтгач, “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишди.
Эрталаб ўзига келиб, кўчага чиққан Жасур маҳалла посбонига дуч келди. У “Кеча Умидни бошини ёрибсан, чойхонада гиламлар қон, эшикнинг ойнасини синдирибсан”, деб айтди. Қилмишлари бундай оқибатларга олиб келишини Жасур кутмаган эди. Ичига кирган спиртли ичимлик уни шерга айлантириб, инсонийлик чегарасидан чиқарганди.
Умид шифохонанинг жонлантириш бўлимида бир неча кун ётди. Бироқ, шифокорларнинг барча уринишлари зое кетди. Умиднинг қайта оёққа туришига умид қолмади. У олган тан жароҳати туфайли вафот этди.
Суд жазо тайинлашда судланувчининг айбига иқрорлигини, жабрланувчилардан кечирим сўраганлигини ҳамда етказилган моддий-маънавий зарарларни тўлиқ қоплаб берганлигини инобатга олиб, Жасурни уч йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
21:44 / 01.11.2024