Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев вилоят ёшлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги сайтида хабар берилган.
Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ижросини таъминлаш ҳамда жойларда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тўлақонли тушунтириш, ёш авлодни ушбу жараёнларга кенг жалб этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви вилоятимизда ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда. Дарҳақиқат, бугун вилоятимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун 8 та олий таълим муассасаси, 161 та касб-ҳунар таълими маскани, академик лицей ҳамда 1200 дан ортиқ умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд. Мазкур илм даргоҳлари зарур ўқув анжомлари билан жиҳозланган бўлиб, малакали, олий тоифали ўқитувчи ҳамда мураббийлар ўқувчи ва талабаларга таълим бериб келмоқда. Самарқанд шаҳридаги муҳташам "Ёшлар маркази", бир нечта спорт мажмуалари, туман ва шаҳарлардаги ёпиқ ҳамда очиқ сузиш ҳавзалари, турли тўгараклар ўғил-қизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан вояга етишлари учун яратилаётган имкониятлар самарасидир. Бугунги кунда ёшларни эзгу мақсад ва ғоялар атрофида бирлаштириш, уларнинг ташаббус ва интилишларини рўёбга чиқариш, тенгдошлари билан соғлом рақобат муҳити асосида илмий ва техникавий кашфиётларни амалга оширишда "Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракати асосий ўрин эгалламоқда. Ҳаракатнинг вилоятдаги 1693 дан ортиқ бошланғич ташкилоти томонидан қарийб 325 мингдан зиёд шижоатли ёшларнинг қамраб олингани бу борадаги мақсадлар истиқболида муҳим омил бўлаётир.


“Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари доирасида дастлаб барча туман ва шаҳарларда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Кенгашларининг таъмирланган бинолари тантанали равишда топширилди. Пахтачи, Нарпай, Ургут, Самарқанд туманларида ўтказилган шундай тадбирларда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев иштирок этиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар сиёсатига қаратилган эътибор, шу билан бирга бу борадаги ислоҳотлар узвий давом эттирилаётгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аҳоли, айниқса, ёшлар келажаги учун эканлигини ҳамда мазкур учрашув ёшларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнига кенг жалб этиш, бундай тизимли ишлар самарадорлигидан доимий хабардорлигини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Нарпай туманидаги ёшлар истиоҳат боғида вилоят ҳокими билан ташкил қилинган очиқ мулоқот тарзидаги учрашувда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, шунингдек ёшларни турли иллатлардан ҳимоя қилиш, улар қалбида ватанпарварлик, фидойилик каби фазилатларни шакллантириш борасидаги тадбирлар таъсирчанлигини янада ошириш каби масалалар илгари сурилди.
















