Telegram’нинг югургани сомонхонагача бўлди, афтидан. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) очиқдан-очиқ ушбу мессенжер террорчилар томонидан ишлатилганини айтиб турган экан, бўлди, ҳаммаси тамом: бу шов-шувли баёнот кетидан яқин бир неча кун ичида уни Россияда тақиқлаб қуйишлари турган гап. Сабаб эса оддий: Хизмат асосчиси Павел Дуров давлат хавфсизлик органлари билан ҳамкорлик қилишдан бўйин товлаб, ёзишмаларни ўқиш имкониятини уларга тақдим этишдан бош тортди. Худди мана шу сабаб билан кўплаб давлатларда у ёки бу интернет-хизматлар блоклаб қўйилган.

Ҳамма гап шифрланишда

Азал-азалдан давлат барча алоқа каналларини назорат қилиб келган: ҳу Оқподшо даврларида ҳам Лениннинг сургундан ёзган хатларида бутун бир гаплар ва абзацлар қирқиб олинган. Телеграф ва телефон пайдо бўлиши билан улар ҳам ўқила ва эшитила бошланган, интернет пайдо бўлганидан кейин ҳам ишлар шу зайлда давом этаётганди.

Россиянинг ҳар бир интернет-провайдери ва мобил алоқа оператори ўз ҳисобидан СОРМ («Тезкор қидирув тадбирлари тизими»)га тўсиқсиз уланишни таъминлаб, давлат хавфсизлик органлари ва ички ишларга сўзлашувлар ва ёзишмаларни назорат қилиш имкониятини яратиб беришлари шарт. Дарвоқе, ҳаммани бирваракайига эмас (бунинг учун ресурс етмайди, албатта), фақат жиноятда гумон қилинаётганларни.

Бу ҳолатда органлар шифрланмаган ахборотга эга бўлишлари керак, акс ҳолда замонавий калитларнинг мустаҳкамлиги уларни очиш учун бир неча йиллар сарфланишига олиб келади. Айнан шунинг учун Россияда махсус мобил телефонлардаги каби шифрлашнинг кўплаб усуллари тақиқланган.

Агар қандайдир умумфойдаланувчи алоқа канали шифрланса, СОРМни ишлатишдан маъни қолмайди, чунки жиноятчилар айнан ўша каналдан фойдалана бошлашади.

Ҳокимиятни эгаллаш