Ўзбекистон терма жамоаси собиқ бош мураббийи, эндиликда Фарғонанинг «Нефтчи» клубини бошқараётган Вадим Абрамов JFL.uz интернет-нашрига интервью берди. Мураббий бугунги терма жамоа, клубдаги фаолияти ва яна кўп нарсалар ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.
– Нимага узоқ вақт футболдан четда бўлдингиз?
– Аввало, футболга қайтганимдан хурсандман. Мен узоқ вақт таклифларни кутдим. Ўйладимки, футболимизда муаммо бор ва мени клублар чақиришади деб, лекин адашган эканман. Футболда ҳаммаси яхши экан ва ҳеч бир клуб менга таклиф билан чиқмади. Кейин Бухородан таклиф келди, лекин ўша вақтда оилам билан боғлиқ муаммолар сабаб у ерда ишлай олмадим. Ниҳоят «Нефтчи» таклиф билан чиқди ва мен уни қабул қилдим. Бу ер мен учун бегона эмас, Фарғонада аввал ҳам ишлаганман. Шундай қилиб «Нефтчи»га мавсум охиригача ёрдам беришга қарор қилдим.
– Тошкент жамоаларидан таклиф кутганингиз ростми?
– «Локомотив»дан таклиф кутганим йўқ, лекин «Пахтакор» ва «Бунёдкор»дан кутганим рост. Афсус улар таклиф билдиришмади.
– Фарғоналик мухлислар сизнинг келишингиздан хурсанд бўлишди. У ерда сизга аниқ қандай вазифа қўйишди?
– Жамоа кубокда курашни давом эттирмоқда ва бу жуда яхши. Мен ҳозир жамоам қандайдир соврин учун курашади деб айта олмайман. Мен афсунгар эмасман, ахир. Ҳали энди футболчилар билан танишяпман. Уларни билиб олишим керак. Ахир ҳар қандай тактика ҳам ижрочилар асосида қурилади. Афсуски жамоада тил билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Барча йигитлар рус тилини тактикани тушунадиган даражада тушунишмайди. Мен ўзбекчага, улар русчага мослашиб кетишса, ҳаммаси яхши бўлади.
– «Динамо» билан дебют ўйинингизда «Нефтчи» тўпни яхши назорат қилди, лекин шунга қарамай, имкониятни бой берди. Бу ўйинда легионерларни ҳам майдонга туширмадингиз.
– Легионерлар борасида ҳаммаси аниқ. Улар маҳаллий футболчилардан ҳеч қанақасига устун эмас. Менимча, легионер ўзимизнинг футболчилардан кучли бўлмаса, уларни ушлаб ўтиришдан мантиқ йўқ. «Локомотив» билан ҳам Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетганимиздан кейин легионерларга жавоб бергандик. Чунки бизда терма жамоа учун фойдали бўлиши мумкин бўлган бошқа футболчилар бор эди. Бу ерда ҳам шундай.
«Динамо» билан ўйин ҳақида гапирсам, ҳа биз тўпни кўпроқ назорат қилдик. Чунки мен ҳар қандай жамоамда шундай услуб билан ўйнашни хоҳлайман. Рақиб қарши ҳужумда яхши ўйнади ва бизни мағлуб этди. Мағлубиятимизнинг сабабларидан бири биз номинал ҳимоячиларсиз ўйнаганимиз бўлди. Ярим ҳимоячиларни ҳимояда ўйнатишга мажбур бўлдик. Шу куни фақат битта ҳимоячи бор эди бизда. Ҳамза Каримов оилавий муаммоси сабаб уйига кетган ва машғулотларга кеч қўшилди. Мен у билан бирга ишламаганман ва имкониятларини яхши билмайман. Шу сабаб уни майдонга туширмадим.










