Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси халқаро ҳамжамият, жумладан дунёнинг турли мамлакатлари сайёҳларининг эътиборини тобора жалб қилиб келмоқда. Сўнгги йилларда хорижлик сайёҳларнинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан бўлишиши ўзига хос анъанага айланмоқда. 

Яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтган исроиллик сайёҳ  «The Jewish Chronicle» нашрида юртимизнинг қадимий шаҳарларига доир таассуротлари билан бўлишди. Хусусан, мақолада таъкидланишича, ажойиб архитектура, бетакрор ҳунармандчилик турлари, дунёдаги энг чиройли метро станциялари ва яна кўп жиҳатлар ёзувчини бефарқ қолдирмаган. 

"Сир-асрор ва сеҳрга тўла афсонавий Самарқанд шаҳри мени ўзига мафтун қилди. Шаҳарнинг энг машҳур майдони товланувчи гумбазлар ва ферузаранг миноралари билан кўкиш ёқут нурларида чўмилади.

Сайёҳлар бир неча асрлар давомида Ипак йўли романтикасига ошуфта бўлиб келишган, зираворлар ва хазина бойликларини Шарқдан Ғарбга ташиётган карвонлардан илҳом олишган. Искандар Зулқарнайн, Чингизхон ва Марко Поло каби улуғ тарихий шахслар номи ушбу ажойиб ўлка билан боғлиқ. Энди эса янги авлод саргузаштсеварлари ўз шахсий ихтироларини амалга ошириш истагида бу масканга шошилишади. 

Бугун, такомиллаштирилган инфратузилма туфайли ЮНЕСКО меросига кирувчи архитектура мўъжизаларини томоша қилиш анча осон бўлиб қолди. Етакчи турагентликларидан бирида Буюк Ипак йўли йўналиши бўйлаб туристик саёҳатларни банд қилиш кўрсаткичлари шу йилнинг ўзида 150 фоизга ошди. 

Совет Иттифоқи тарқалганидан сўнг 1991 йилда мустақил давлат дея эълон қилинган Ўзбекистон тарихи бугунга қадар кўп асрли анъаналарини сақлаб келмоқда. Тошкент шаҳри марказидаги майдонлардан бирида ранг-баранг либослардаги раққосалар чилдирма садолари остида рақс тушишади. Бу ўзида бой мерос ҳамда замонавий тенденцияларни уйғунлаштирган мамлакатни бошқалардан ажратиб турувчи жиҳатдир. 

Саёҳатларнинг аксарияти 1966 йилги кучли зилзиладан кейин катта қисми вайрон бўлган пойтахтга ташриф билан бошланади. Бугун бу контрастлар шаҳри - бу ерда замонавий бинолар XVIII аср архитектураси ва майдонлари билан ёнма-ёндир.

Шаҳар «Ўзбекистон» меҳмонхонасидан ташқари ер остида ҳам совет меъморчилигининг асл дурдоналарини сақлаб келади. Шаҳардаги 1970-йилларда қурилган ва дунёдаги энг кўркам ҳисобланувчи метро тизими мени ҳайратга солди. Нақшлар ва қандиллар билан безатилган метро бекатлари бир-биридан кескин фарқ қилади, уларни бизнинг метро билан таққослаганда бизнинг бекатларимиз анча дидсиз ва кўримсиздир. 

Тошкентдан минтақанинг намунавий обидалари жойлашган Самарқанд шаҳригача атиги икки соатда тезкор ва замонавий «Афросиёб» поездларида етиб олиш мумкин. Қадимий шаҳарнинг юрагида, Регистон майдонида бетакрор ферузаранг гумбаз ва минораларни ўзида жамлаган уч ажойиб мадраса қад кўтарган, бу мадрасалар ўз вақтида диний таълим даргоҳлари бўлган.