Ёз ойлари бошланиши билан бутун дунёда меҳнатга лаёқатли аҳоли сонини тўлдирган коллежларнинг янги битирувчилари катта компаниялар эмас стартапларни танлаб, иш излай бошлашади. Accenture компанияси томонидан ўтган йили дунё бўйлаб ўтказилган сўровларга кўра, Америкадаги ўқув юртлари битирувчиларининг фақат 14 фоизи корпорацияларга ишга жойлашишни исташади, сўралганларнинг 44 фоизи эса стартап ёки кичикроқ фирмага ишга кириш истагини билдиришган, деб ёзади Harvard Business Review.
Стартапда ишлаш бирмунча афзалликларга, масалан, ноформал муҳитга эгалиги, ишлаб чиқаришдан айрилмаган ҳолда тезкор таълим олиш билан шуғулланиш, кўпроқ мустақил ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлишига қарамасдан, бир қатор камчиликлардан ҳам холи эмас. Карьерангизни бошлаш учун стартап идеал жой, деган қарорга келишдан аввал сиз у ҳақида ҳамма нарсани билишингизга амин бўлинг. Бундай компаниялар ва яқинда ўқишни битказган ходимлар билан ишлашдаги тажрибамга асосланиб, ёш мутахассисларнинг хаёлига келмайдиган ва улар эътибор бермайдиган қийинчиликларга диққатни жалб қилмоқчиман, дея ўртоқлашади мақола муаллифи Лорен Бергер.
Белгилаб қўйилган маош ва имтиёзларнинг йўқлиги. Ишга қабул қилинганингиздан сўнг сиз қилишингиз лозим бўлган дастлабки нарса — меҳнатингизга ҳақ тўлаш шартларини келишиб олиш. Мана шу жойда дастлабки қийинчиликлар пайдо бўлади: стартапда музокаралар йўли билан каттароқ маош ёки бирор-бир имтиёзларга эга бўлиш имконияти минимум даражада. Агар сизга молиялаштириш билан боғлиқ муаммолардан холи стартапда ишлашни таклиф этишса, у ерда сиз ўз вазифангизда яхши пул ишлаб топишингиз мумкин. Бироқ сизни фақат ўзига ишонувчи энтузиастлар гуруҳи ўз сафига чорласа, даромадларингиз кутганингиздан камроқ бўлиши ҳам мумкин. Стартапдаги маош корпорациядаги муқим ойликдан кўра тебранишларга кўпроқ дучор бўлади. Имтиёзлар-чи? Стартапларнинг аксарияти тиббий суғуртани таклиф этмайди, шунингдек, пенсия режасини ҳам, чунки бундай бонуслар тақдим этиш учун уларга шунчаки пул етмайди. Шу сабабли, бу ерда ишлашни бошлаш олдидан ана шундай жиҳатларга эътибор қаратмоқ керак.
Доимо ўзгариб турувчи корпоратив маданият. Компаниянинг корпоратив маданияти жамоа аъзолари бир-бирлари билан қандай муомала қилиш, турли масалаларни биргаликда қандай ечиш ва ҳамжиҳатликда қандай ишлаш асосида шаклланади. Йирик компанияларда янги мутахассис мавжуд маданият ва ўрнатилган қоидаларга дуч келади. Бироқ сиз стартапнинг дастлабки 20 нафар ходимидан бири бўлишга улгурсангиз бу маданиятни шакллантиришда ўзингиз иштирок этасиз. Бу жиҳат эса барчани, айниқса, ишга биринчи марта жойлашаётганларни издан чиқариши мумкин. Агар аксарият стартаплар сингари сизнинг компаниянгиз юқори даражали кадрлар қўнимсизлигига эга бўлса, корпоратив маданиятни тузиш янада қийин бўлади.











