«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром Шариповнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда бир йилда икки марта сифатли пилла ҳосили етиштирилади.
«Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори аҳолининг ипакли кийим-кечакларга бўлган эҳтиёжини қондириш, бундай маҳсулотлар билан ички ва ташқи бозорни таъминлашда янги имкониятлар яратишда муҳим омил бўлмоқда», дея унинг сўзларини келтирган ЎзА сайти.
2023 йилгача тизимдаги корхона ва ташкилотларга солиқ имтиёзлари ва бошқа қатор преференциялар берилди. Уюшма таркибидаги ташкилотлар, ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари олиб келадиган пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари божхона тўловларидан, уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар даромад солиғи тўлашдан озод қилинди. Пиллачилик тармоғига жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилади, давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар бериш, муддатини узайтириш, вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва муддатини узайтириш амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача тизимдаги корхоналар пилла етиштириш ва ипак ишлаб чиқариш билан чекланиб қолган эди. Ипак асосан хомашё сифатида сотилган. Биз Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида занжирсимон тизимни амалиётга татбиқ этдик. Бунда ипак қурти уруғи тайёрлашдан мато ва либослар ишлаб чиқаришгача барча жараён узвий равишда тизимли бажарилади.
Тизимда кластр қилмоқчимиз. Бу сўз инглиз тилидан олинган бўлиб, учта-тўртта йўналишни битта жойга жамлаш деган маънони англатади. Авваллари ипак қуртини қайта ишлаш корхонаси шартнома асосида туман пилла корхонасига, у фермерга, фермер шартнома билан хонадонга бериши жараёнида турлича нарх ва сарсонгарчилик келиб чиқарди. Янги тизимда бундай ҳолатларга чек қўйилади. Уруғчилик заводи маҳсулотни пилла корхонасига берганда унинг вакили жонлантириш жараёнида иштирок этиб, ипак қуртини хонадонларга ёки ипак қурти боқиш махсус цехларига тарқатишда кўмаклашади. Пилла ўрай бошлагандан кейин қурт заводи вакили заводга қайтиб кетади. Ана шу тарзда ҳаммамиз бир-биримиз билан боғланиб, ишлашимиз керак. «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси барчасига бош-қош бўлади ва хонадонлар билан тўғридан-тўғри шартнома тузади.
Агар ипак қуртлари яхши боқилса, ундан юқори навли пилла олиш имконияти кенгаяди. Шу боис тарқатилган ипак қурти юқори малакали мутахассислар назоратида боқилиб, кейин хонадонларга берилади. Мутахассислар ҳар куни хабар олиб, пиллакорларга керакли маслаҳатларни бериб туради. Ана шунда қимматли хомашёни йўқотиш камайиб, ҳосилдорлик ошади. Пилла боқиш мавсумий бўлгани учун бундай махсус қуртхоналар ёнида кейинчалик қишлоқ хўжалиги экинлари экиш, тайёр маҳсулотни қуритиш ёки қайта ишлаш цехларини ишга туширамиз. Негаки, тутзорлардан унумли фойдаланиш мақсадида тут қатор ораларида турли хилдаги сабзавотлар ва дуккакли экинлар етиштириш йўлга қўйилади.















