2017 йил 30 июнь куни Миллий Матбуот марказида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари учун “Жаҳон бозорида ўзбек пахта саноати нуфузини янада ошириш борасида Холдинг компания томонидан амалга оширилаётган ишлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 28 июнь куни “Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши эълон қилинди.

Фармойишга мувофиқ, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда пахта бўйича Халқаро консультатив қўмита (ПХКҚ) котибияти билан ҳамкорликда 2017 йил 23-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ПХКҚнинг “Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта” мавзусидаги 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишга тайёргарликни бошлаб юборди.

Юқорида қайд этиб ўтилган йиғилиш ва ярмарка ишида дунёнинг 44 дан ортиқ мамлакатидан 1500 га яқин хорижий меҳмон ҳамда маҳаллий мутахассиснинг иштирок этиши кутилмоқда. Маълум бир мамлакатларда пахта ва тўқимачилик соҳаси ривожланиши, жаҳон пахта бозори тенденциялари, савдо, логистика ва суғурта масалаларига бағишланган 16 га яқин очиқ ва мавзули сессиялар ўтказилиши назарда тутилган. Пахтанинг селекцион навларини яратишнинг генетикаси ва биотехнологияси, пахта етиштириш агротехникаси, уни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилади. Пахтага бирламчи ишлов бериш, пахта толаси сифатини инструментал баҳолаш, уни тўқимачилик йўли билан қайта ишлаш соҳаларидаги муаммо ва ютуқларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунги кунда «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар Стратегиясидан келиб чиқиб, пахтачилик соҳасини ривожлантирши бўйича ўз олдига янги вазифа ва марраларни белгилаб олмоқда. Қайд этиб ўтилган Стратегиянинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида пахтачилик соҳасини ривожлантириш Концепцияси” доирасида олиб борилмоқда. Ҳужжатда 16 та базавий йўналишлар бўйича соҳа имкониятларининг тизимли кўрсаткичлари белгилаб берилган, унинг республика иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш, соҳа корхоналарини модернизация қилиш, илгари хориждан сотиб олинган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, шу мақсадда хориждий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича бажариладиган ишлар ва аниқ мақсадли вазифалар кўрсатиб ўтилган.