Ўзбекистон Республикаси судьялари мамлакат халқига мурожаат қилишди. Мурожаат матни ЎзА сайтида келтирилган.

Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида суд ҳокимияти нуфузини ошириш, уни ўтмишдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи мустақил институтга айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва кўрилган амалий тадбирлар мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди, суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятини тубдан оширди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суд ҳокимиятининг том маънода мустақиллигини таъминлаш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг энг асосий йўналишлари этиб белгиланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига асосан фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди, судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтаришдек одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган амалиётга чек қўйилди.

Судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тартиби тубдан такомиллаштирилиб, судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. 

Судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги қайта кўриб чиқилиб, судьяларнинг хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш имконини берадиган даражада, ҳозирги замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштирилди ва мақбуллаштирилди. 

Бу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши суд тизимида фаолият кўрсатаётган барча раҳбар ва масъул ходимларнинг ўз хизмат бурчини садоқат билан, адолатли ва масъулиятли бажаришига чамбарчас боғлиқдир. 

Жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тарихий учрашувда муҳтарам Юртбошимиз томонидан аниқ кўрсатиб ўтилган суд тизимидаги жиддий муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда олдимизга қўйилган вазифаларни тўғри ҳал этиш учун ҳар биримиз ишга бўлган муносабатимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз, шахсий масъулиятимизни кескин оширишимиз зарур.