Айни кунларда Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш авжида. Ички ҳаяжонларини ютган ҳолда жазирама иссиқда куйиб-пишиб юрган абитуриентлар, айрим ҳолларда ҳужжат топшириш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишмоқдаки, бу нарса уларнинг шундоқ ҳам таранг асабларини баттар қилмоқда. Тошкент ахборот технологиялари олий даргоҳига ҳужжат топширишда ана шундай “тўсиқ”қа учраган абитуриентлардан бири ўз сайтида бу ҳақда ҳикоя қилади. 

Кеча Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига ҳужжат топширгани бордим. Боришдан аввал қабул нечигача бўлишини, керакли ҳужжатлар рўйхатини TUIT.UZ сайтидан олдим. Ўзим танлаган йўналиш қабулига кетаётгандим, қабул комиссиясида «маслаҳатчи» дегани бўлар экан, ёнбошлаволиб гап отиб қолди.

- Қаерга кетяпсан, қабул тугади.

- Сайтинглардан кўриб келяпман, қабул соат 18:00гача деб ёзилгани учун келяпман.

- Сайтда шунақа ёзилган, лекин биз 17:30гача қабул қиламиз.

 «Нега унда 18:00гача дегансизлар», дейишга ҳам улгурмасдан гапимни бўлиб, «Қани ҳужжатларингни кўрайчи, камчилик бордур», деди-да уларни текширишни    бошлади. Бироздан сўнг «Ана, “острочка” (Армияга алоқадор ҳужжат) йўқ экан, бор топиб кел», деди.

- Сайтингларда бу ҳақида ёзмагансизлар-ку.

- Нега кўп гапирасан? Топиб кел дедимми, топиб кел.

- Бориб топшириб кўрай, балким ўтказиб юборишар?..

- Хўп, борақол. Барибир қайтиб келасан.

Ундан ўтиб икки қадам юришимни биламан яна биттаси чақириб қолди, ортимга ўгирилмасимдан, ҳалиги маслаҳатчи бошқасига қараб: «Қўйиб юборавер, барибир “острочка”дан қайтаради», деди.

- Ия, ростанми? Мен “острочка”си йўқларни ўтказмайман. Қани, ҳужжатларингни бир кўрайчи... Бунинг устига қабул тугадику укам...

- TUIT.UZ сайти сизларникими?

- Ҳа, бизники.

- Сайтингларда ёзилган нарсага жавоб берасизларми?

- Ҳа.

- Нега унда, қабул 18:00гача дегансизлар? Қабул 17:30да тугаяпти, “острочка”ни эса фақат МАХСУС ФАКУЛЬТЕТ ва МАХСУС СИРТҚИ бўлим учун керак, деб ёзилган бўлса, нега мендан сўраяпсизлар?