Бугун, 14 июль куни Халқаро пресс-клуб томонидан Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда мутлақо янгича форматда Пресс-қаҳва сессияси ташкил этилди. Мазкур пресс-қаҳва мавзуси “Ҳаракатлар стратегияси кесимида мамлакатимиз тадбиркор аёллари фаолияти. Таҳлил ва истиқболдаги вазифалар”га бағишланди. 

Тадбир давомида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова, уюшманинг вилоят бўлими раҳбарлари, мамлакатдаги энг ишбилармон тадбиркор хотин-қизлар сўзга чиқишди ва журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб беришди.

Пресс-қаҳванинг аввалги сессиялардан фарқли жиҳати шундан иборат бўлдики, унда иштирокчилар катта давра атрофида очиқ суҳбат қуришди ҳамда барча меҳмонларга бир пиёла қаҳва ва чой билан биргаликда ширинликлар улашилди. 

“Кун” нашри мухбири анжуманда иштирок этган тадбиркор аёллар билан суҳбат қуриб, улар иштирокида махсус блиц-интервью тайёрлади. 

Эътиборингизга ўз шижоати, намунали тажрибаси ва меҳнати билан тадбиркорлик соҳасига ҳисса қўшиб келаётган ишбилармон аёллар (Business Ladies) бешлигини ҳавола этамиз. Зеро, улар оила ва ишни бир маромида олиб кетишга эришган, бўлажак тадбиркор аёлларга ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган замонамиз етакчиларидир. 

1. Раъно Аҳмедова (Андижон вилояти)

Фермер хўжалиги бўйича малакали тадбиркор. Айни дамда ижтимоий-амалий аҳамиятга эга бўлган йўл таъмирлаш соҳасида фаолият олиб борувчи “Асадбек имкон қурилиш” МЧЖ раҳбари. 

Иш фаолиятини қачон бошлаган: 1993 йилда.

Тадбиркор аёлга зарур бўлган асосий нарса: Оилавий тинчлик, турмуш ўртоқнинг қўллаб-қувватлаши, бошланғич сармоя ва ишчилар билан ҳамжиҳатликда ишлаш. 

 

2. Мавжуда Омонова (Самарқанд вилояти)

Фарзандлари дунёга келгач, уйда якка тартибда болаларга қўшимча машғулотлар (репетиторлик) ўтиб келган. Турли лавозимларда раҳбар вазифасида ишлаб келган. Ҳозирда “Тадбиркор аёл” ассоциациясининг туман бўлими раиси.