Сўнгги йилларда энергия ресурларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш борасида талабга жавоб бера олувчи ишлар олиб борилмаган: электр энергияси ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки талон-торожликка йўл қўйилган ҳолатлар ошиб борган.
Ана шу камчилик ва хатоларни ҳисобга олган ҳолда президентнинг 29 майдаги фармонига асосан Бош прокуратура ҳузурида ташкил этилган Мажбурий ижро бюросига энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торожликнинг олдини олиш, суд ва бошқа ҳужжатларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш каби муҳим вазифалар юклатилди. Бу ҳақда Кун.uz'га Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси маълум қилмоқда.
Тўлов тизимини яхшилаш орқали электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, барча ҳудудларда янги ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш объектларини ишга тушуриш, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.
Шу ўрин эслатиб ўтиш лозим, бундан кейин энергия ресуслари учун тўловлар учун бу корхоналар ходимлари хонадонма-хонадон юрмайди. Агар борадиган бўлса ҳам, пул тўлаш мумкин эмас. Фақат бюро ходимлари боради. Бюро ходимлари жойлардаги ҳисоблагичлар назоратини ҳам амалга оширади ва тўлов жойида амалга оширилади.
Юридик шахсларнинг газ тўловлари ўзаро далолатномаларга асосан амалга оширилади.
«Кун.uz» таҳририятига берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ҳам ишлар тўлиқ олиб борилмоқда. Тажрибали мутахассислар жалб этилиб, ишга қабул қилинганлар олдига қўйилган вазифа ва топшириқларни талаб даражасида бажаришга киришди.
Бугунги кунда вилоятда электр энергиясидан дебитор қарздорлик 328,4 млрд. сўмни, табиий газдан 299,9 млрд. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан дебитор қарздорлик электр энергиясидан 43,4 млрд. сўмга ва табиий газдан 8,9 млрд сўмга ошган. Ушбу қарздорликни камайтириш эса Мажбурий ижро бюроси ходимларига масъулият юклайди.
Электр энергияси бўйича қарздорларга 9,7 млрд. сўмлик 20.638 та ва табиий газ бўйича 3,7 млрд. сўмлик 11.232 та қарздорликни бартараф этиш бўйича талабномалар юборилган.

Шунингдек, вилоят бўйича энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 168 та ҳуқуқбузарлик фош этилди.












