Таниқли журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг «Маддоҳ журналисту латтачайнар амалдор кимга ҳам керак?» сарлавҳали мақоласининг давоми «Новости Узбекистана» нашрида эълон қилинди. Қуйида ушбу мақоланинг тўлиқ матни ўзгартиришларсиз келтирилади.
«Ёмон» журналистни ким ҳимоя қилади?
Айрим тўралар учун маддоҳ, ўнгу сўлига қарамасдан фақат мақтайдиганлар «яхши» журналист, ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун камчиликни ёзадиганлар эса «ёмон» журналист саналади. Аммо аслида бузғунчи ким деган саволга бемалол ўша «яхши» журналистлар деб жавоб қайтариш лозим. Чунки уларнинг маддоҳлиги оқибатида камчиликлар тугатилмайди, улар хаспўшланади ва ғовлаб кетади. Натижада ҳамма соҳа расво бўлади ҳамда бундай «яхшилик»нинг жамият ва давлатга катта зарари тегади. Шарль Монтескьенинг сўзларини эслайлик: «Ҳар бир фуқаро ватани учун жон фидо қилишга тайёр бўлмоғи лозим. Аммо уни деб ёлғон гапирмаслиги керак». Томас Жефферсон эса бошқача фикрда бўлмоқликни ватандўстликнинг энг юқори кўриниши деб атаган эди.
Фақат эркин матбуотгина ўз вазифасини тўлақонли бажаришига, ҳукумат ва жамият ўртасида воситачи бўла олишга, аҳоли хабардорлигини оширишга ва жамоат назоратини амалга оширишга қодир.
Мамлакатда эркин сўз ва эркин оммавий ахборот воситалари ҳукмрон бўлиши бир қатор омилларга боғлиқ. Улардан биринчиси қонун устуворлигидир. Қабул қилинган қонунлар ишлаши керак. Ҳар қандай соҳада, жумладан, журналистик фаолият билан боғлиқ талаблар бузилган тақдирда, қонун амал қилмоғи лозим. Ушбу омил билан узвий алоқада бўлган иккинчи муҳим омил суд тизимининг мустақиллигидир. ОАВ ходимларига қилинган таҳдид, у қаердан ва ким томонидан бўлганлигига қарамасдан, суд томонидан қонуний кўриб чиқилиши шарт. Ҳеч кимнинг «телефон ҳуқуқи»дан фойдаланишига йўл қўймаслик лозим.
Эркин ва тўла, амалда мустақил ОАВ бўлишнинг яна бир шарти кучли фуқаролик жамияти мавжудлигидадир. Чунки журналист жамиятдаги вазиятни яхшилаш учун ҳаракат қилса-ю, бу йўлда катта бир амалдор ёки кучли таъсир доирасига эга бўлган ташкилот унга қарши чиқса, жамоатчилик четда томошабин бўлиб туриши мумкин эмас. Журналистнинг ҳаққоний сўзи деб, унга тазйиқ ўтказа бошланганда, фуқаролик жамияти унинг ҳимоясига отланса, ўз манфаати йўлида ҳаракат қилаётганларнинг чекинишига тўғри келади. Эркинликни бўғмоқчи бўлганлар бундан кейин ўз қадамини ўйлаб босадиган бўлади.
Юқорида санаб ўтилган омиллар амал қиладиган жамиятларда журналист қўрқмасдан нуқсону камчиликларни очиб ташлайди, мамлакат ривожига тўсиқ бўлган ҳолатларни бирма-бир қаламга олади, уларга жамоатчилик эътиборини қаратади ва умумий аҳволнинг яхшиланишига ўз ҳиссасини қўшади. Бунинг акси бўлган тақдирда журналистик текширув олиб борган ОАВ ходимига таҳдид билан чекланмасдан, унинг жонига қасд қилиш ҳолатлари кўплаб учрайди. Шу сабабли журналист касби дунёдаги энг хавфли касблар сирасига киради.















