Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг июнь ойида Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабига ташрифи давомида тажриба сифатида ушбу мактабда 11 йиллик таълимни тиклаш таклифини билдирган эди.

Сўнгра Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари битирувчиларининг ота-оналари ўртасида болаларининг мактабда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишини давом эттириш борасида сўровнома ташкил этилган, сўровномада аксарият (83 фоиз) ота-оналар мактабларда 10-11-синфлар тикланишини ёқлаб овоз беришган эди.

Ўзбекистон халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов 11 йиллик таълим Ўзбекистоннинг баъзи мактабларида эксперимент тарзида қайта тикланиши, 20 кун ичида ҳукумат томонидан тегишли қарор қабул қилиниши ҳақида маълумот берганди.

Бу орада қатор коллеж ва лицейларда ҳужжатларни қабул қилиш вақтинчалик тўхтатилгани эълон қилинди. Бироқ бу нотўғри маълумот эканлиги, коллеж ва лицейлар ёпилиши ёлғон эканлиги, улар аввалгидек ўқувчилар қабул қилишда давом этиши ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази директори Муродулла Холмуҳаммедов маълум қилган эди.

Тўғри, айрим ота-оналар фарзанди ўз уйига яқинроқ жойдаги мактабда ўқишини исташмоқда. Мактаблар эса қўшимча синфлар эвазига дарс соатларининг кўпайиши, ўқитувчиларга қўшимча иш пайдо бўлиши туфайли лицей ёки коллежга йўл олган ўқувчиларга 9-синфни тамомлаганлик ҳақидаги шаҳодатномани беришни пайсалга олишмоқда. Шошиб коллежга ҳужжат топшириб қўйганлар ҳам бор, улар мактабда ўқишни исташса, коллеждагилар ҳам ўқувчи сони учун курашиб, уларнинг ҳужжатларини қайтариб беришмаяпти. Қай бир коллеж ўқувчиларни жалб қилиш учун «текин ҳайдовчилик гувоҳномасини берамиз», деб алдашган.

Бу борада таҳририятимизга жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Мактублардан кўриниб турибдики, «эпидемия» айниқса юртимизнинг турли гўшаларидаги ўқув масканларида авж олган, таълим соҳаси ходимлари президент таклифини ўта нотўғри талқин қилиб, ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида антиагитация олиб боришмоқда.