Мустақил эксперт-иқтисодчи Юлий Юсупов навбатлар, қора бозор ва «шапка»лар нега вужудга келиши, бу ҳодисалар бозорнинг қандай оқибатларига сабаб бўлиши ҳамда танқислик деб аталувчи иқтисодий касалликни қандай енгиш ҳақида ўзининг Kommersant.uz сайтида эълон қилинган мақоласида ҳикоя қилиб берди.

Танқислик иқтисодиёти

Мен хорижда кўпроқ бўламан, ўз-ўзидан, ватанимга ҳам тез-тез қайтишга мажбурман. Давлатимиз чегарасини кесиб ўтганимнинг энг ишончли белгиси нима эканлигини биласизми? Навбатлар! Аввалига паспорт назоратида — чегарачилар олдида, кейин багажни кутиш асносида, ундан сўнг божхона назоратида... Лекин бу билан навбатлар тугамайди. Улар мени доим таъқиб қилади: коммунал хизматга бораманми, давлат идораларига келаманми, банкларга ишим тушадими...

Навбатлар бизда соф тижорий секторларда ҳам пайдо бўлади. Бензин, шакар, автомобиль учун навбатларни эсга олиш кифоя... Хориждан асбоб-ускуна харид қилиш истагидаги тадбиркорга ваъда қилинган конвертация учун қанча навбат кутилишини биласизми? Ойлаб, агар йиллаб бўлмаса! Бу ҳолатда улар банкларнинг ҳисоб рақамларида музлатилган пулларини ушлаб туришади, яъни улар тўғридан-тўғри молиявий йўқотишларга дучор бўлишади, боз устига, валюта ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли уларни шартнома шартларига кўра жаримага ҳам тортишади. Лекин булар конвертация ваъда қилинган тадбиркорлар. Аксарият эса аллақачон ҳеч қандай навбатда туришмайди, улар расмий айрибошлаш курсидан анча баланд бўлган норасмий бозордан харид қилиб қўяқолишади.

Навбатлар иқтисодиёти нуқтаи назаридан бу — танқислик деб аталувчи иқтисодий касалликнинг шаклларидан биридир. Танқисликнинг бошқа кўринишлари — қора бозор, «шапкалар», товар савдосининг картали (лимитланган) тизими кабилардир.

Нега танқислик юзага келади ва унга қарши қандай курашиш мумкин?

Келинг, мисол тариқасида гўшт бозорини олайлик. Ҳар қандай бозор уч асосий элементдан иборат — нарх-наво, талаб ва таклиф. Уч элемент бир-бирига таъсир қилади. Лекин бизни ҳозирча талаб ва таклиф маҳсулот нархига қандай таъсир қилиши қизиқтиради.

Талаб қонуни

Нарх ва талаб ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд: нарх қанчалик паст бўлса, талаб шунчалик юқори бўлади ва аксинча. Нега бундай бўлиши ўз-ўзидан тушунарли: маҳсулот қанча арзон бўлса (ва арзонлигидан ўзининг истеъмол хоссаларини йўқотмаса) у шунчалик харидоргир бўлади. Бизнинг шартли мисолимизда (1-жадвалга қаранг) 30 минг сўм нархда истеъмолчилар (айтайлик, кунига) 500 кг гўшт харид қилишга тайёр, нарх 15 минг сўм бўлганида эса — 1200 тонна. Савол шундан иборатки, сотувчилар шу нархдан шунча маҳсулот сотишга тайёрмикан?..