Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг АҚШга қарши жавоб чоралари сифатида Россияни 755 нафар америкалик дипломат тарк этиши ҳақида маълум қилди. У бу ҳақда Владимир Соловьевга берган интервьюсида сўз юритган.

Россия етакчисининг сўзларига кўра, Америка томони «Россия-Америка муносабатларини ёмонлашуви томон ... ҳеч бир асоссиз қадам ташлагани» сабабли Москва шундай қарор қабул қилган.

«Россияда мингдан ортиқ дипломат ва техник ходимлар — ишлашди ва ҳамон ишлаб келишмоқда, уларнинг 755 нафари РФдаги ўз фаолиятини тугатишлари керак бўлади. Бу сезиларли», — деган Путин.

«Биз етарлича кутдик, вазият ижобий томонга ўзгаришига умид қилдик. Аммо ҳеч нарса ўзгармади ва бундан кейин ҳам ўзгармайдиган кўринади. Мен АҚШ ичидаги сиёсий вазиятни назарда тутмаяпман. Шунчаки, бизга ҳам жавоб бериш вақти етиб келди, деган қарорга келдим. Бундан буён ҳеч нарса жавобсиз қолмаслигини улар ҳам билиб қўйишсин», — деган Путин. 

У ҳозирча Москва Вашингтонга нисбатан қатъий чоралар қўллашга шошилмаётганини айтиб ўтган: «Биз бошқа чораларни ҳам кўриб чиқишимиз мумкин. Аммо умид қиламанки, иш бунгача етиб бормайди. Бугунги кунда мен бунга қаршиман».

Москва АҚШ Конгрессининг Россияга нисбатан санкцияларни маъқуллаганига жавобан жавоб чоралари қўллади: 1 августдан АҚШ дипломатлари Москванинг Дорожной кўчасидаги омборхоналардан ва Серебрянний Бордаги дачадан фойдалана олмайди. 

Серебрянний Бордаги дача / ISTOCK

Россия, шунингдек, 1 сентябрдан эътиборан америкалик дипломатлар сонини Россиянинг Америкадаги дипломатлари сонига тенглаштириш мақсадида қисқартиришни талаб қилди. 

Октябрь инқилобидан бери...

Гап фақат америкалик дипломатлар чиқариб юборилишида эмас, Америка элчихоналари ва консулликларида ишлаётган россиялик мутахассисларнинг ишдан кетиши ҳақида кетмоқда. Бундай кўламдаги ҳодиса Россия ва АҚШнинг дипломатик муносабатларида 1917 йилги Октябрь инқилобидан буён кузатилмаганди (ўшанда Америка дипломатик миссиясини ёпганди).

Россия ТИВ мамлакат ҳудудидаги америкалик дипломатлар сони қисқартирилиши эҳтимоли ҳақида 14 июль куни билдирганди. Ўшанда вазирлик расмийси Мария Захарова Россияда дипломатик ходимлар ниқоби остида «кўплаб америкалик жосуслар» фаолият юритаётгани ҳақида гапирганди.