Бир неча кун аввал таҳририятимизга Бағдод тумани, Бўстон даҳаси 74-хонадоннинг 2-уйида истиқомат қилувчи Гулзода Мадоровадан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда у 4 қаватли хонадоннинг 1-қаватида истиқомат қилиши ва бу хонадонлар таъмирталаблиги, унинг ертўласи аҳоли чиқиндилари билан тўлгани айтиб ўтилган.

Биз Бағдод туманидаги 74-хонадонга бориб манзилни кўздан кечирдик. Хонадонни ичкарисига кирмасдан ташқарисига, яъни болалар майдончасини кузатдик. Майдончага аҳоли томонидан ноқонуний тераклар экилган. Бу ҳам етмаганидек, аҳолининг кундалик чиқиндилари мана шу манзилга ташланади. Ариқлар эса чиқиндилар билан тўла, кундалик чиқиндилар, шунингдек, анҳордаги балчиқлар хиди хонадонларни ҳам эгаллаган. Бадбўй ҳиддан нафасингиз қайтиб кетади.

Биз хонадон томон қадам ташлаганимизда қаватлардаги йўлаклар деворлари бузилиб кетгани, ғиштлари кўчиб ётганига гувоҳ бўлдик. Маълумотларга қараганда бу ердаги 40 та хонадонда 125 нафардан зиёд инсон истиқомат қилади. 

Биринчи йўлакни кузатар эканмиз, бу ерда электр энергияси тармоғи очиқлиги ва шу хавфли муҳитда болалар ўйнаб юрганликларига гувоҳ бўлдик.

Манзилни кўздан кечириш чоғида шу хонадоннинг ертўласига тушдик. Рости бу ерни четроқдан туриб тасвирга туширдик ва айрим қисмларни тасвирлашни хоҳламадик. Ер тўладаги қувурлар, аниқроғи, канализациялар ишдан чиққани катта муаммога айланганига анча бўлган. Боиси аҳолининг ҳожатхонасидаги чиқиндилар ва ошхонадаги ювиндиларнинг келар манзили шу ернинг ўзи... Қувур бузилганига 10 йилдан ошган, бундан кўриниб турибдики, аҳолининг бу чиқиндилари ҳам 10 йилдан кўпроқ шу ерда турибди. Номига номуносиб бу манзилдан дилинг ҳуфтон бўлади.

Ер тўладаги чиқиндилар яна 1 йил ёки ундан ҳам кўпроқ сақланиб турса, ертўла дарчаларидан шу чиқиндилар сизиб чиқади ёки уй секин-аста қулай бошлайди. Сабаби 74-хонадон ниҳоятда таъмирталаб. Бу ерда 28 йилдан буён бирор марта ҳам таъмирлаш-тузатиш ишлари амалга оширилмаган. Ҳадемай, деворлари оқланмаганига, йўлаклари сувоқ кўрмаганига, том қисмларига сақич қуйилмаганига роппа-роса 28 йил тўлади.