Маълумки, 2017 йил 1 август куни ҳар йили бўлгани каби Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кириш давлат имтиҳонлари - тест синовлари бўлиб ўтди. Бу жараёнда кимнингдир фарзанди, яна кимнингдир яқини, қариндоши, ака-ука, опа-синглиси бевосита абитуриент сифатида қатнашди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, бу йилги тест жараёни битта ОТМдан ташқари бошқа барчасида аввалги шарт-шароитларда ташкил этилди. Биргина Тошкент давлат юридик университети Жанубий Кореянинг Инҳа университетидан ўрнак олган ҳолда тест синовларини “Ўзэкспомарказ” биноларида ўтказди.

Ушбу университетга кириш тестлари бошланмасдан аввал, жиддий текширувлар олиб борилди. Ҳатто, 217 нафар абитуриент тестга кириш қоидаларини бузгани учун имтиҳонга Юридик университет имтиҳонларига киритилмади. Шунингдек, тест жараёни илк бора онлайн намойиш этилди. Кун.uz сайти ҳам бунда ҳамкорлик қилди.  

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда турли университет ва институтларда бўлиб ўтган тест имтиҳонларининг ташкил этилиши, ўтказилиши юзасидан турли фикрлар билдирилди. Кимлардир бу йилги тест ўтказилиши қоидага мувофиқ бўлиб ўтганини таъкидласа, айримлар ҳаммаси аввалгидек, “эски ҳаммом, эски тос”лигини таъкидлади. Қуйида ижтимоий тармоқларда тест борасида билдирилган турли фикрлардан иқтибослар келтирамиз. Хусусан, Одноклассники ижтимоий тармоғидаги Мақсадлар ЮЛДУЗИ тахаллусли фойдаланувчи куюнчаклик билан шундай ёзади:

Шпаргалка, телефондан фойдаланиб ўтирган абитуриентни кўрсатганимизда, назоратчи башарамизга тиржайиб, ажаб бўпти дегандай ишора қилди. Яна биттаси орқа партада ухлаб ўтирди. Умуман ҳаққонийлик бўлмади. Шундай экан, одамни асабини бузиб шаффоф бўлди, деган гапларни йиғиштириш керак ОАВ дагилар! Шунча тайёрланганим! Низомий Тарих факультети! Ҳеч кимни тузукроқ текширмадиям. Тезроқ ўтиши учун ҳамма шошаётгандек эди. Шуям имтиҳонми? Коллежда бундан яхши бўлувди, ҳамма шароитлар бор эди. Кираётганда титиб ташлашганди.

Бошқа бир Инстаграмдаги фойдаланувчи тест саволлари осон бўлганини иддао этади.

miss_ganiyeva@ тест осон бўлди, шпаргалкадан ҳам фойдаланишди, атак шпаргалка билан ўқишга киришни нима кераги бор, ана ўқиганлар индамай ечаяпти, қийинмас экан тестлар, ўзим ҳам ҳам кўрдим.

Аксарияти ўзлари имтиҳон топширган университет ва институтларда тест жараёни қайдаражада ҳаққоний бўлишганини билдиришган.