Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат темирйўлчиларига Темир йўл транспорти ходимлари куни муносабати билан табрик йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қадрли ватандошлар! 
Муҳтарам дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тизимида меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчилари, барча ходимларни юртимиз ҳаётида илк бор нишонланаётган қутлуғ сана — Темирйўлчилар куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Мустақиллик йилларида бутун мамлакатимиз қатори Ўзбекистон темир йўллари соҳаси ҳам оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Ўтган даврда мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ишончли ва самарали боғлайдиган, халқаро транспорт тармоқларига чиқишни таъминлайдиган, мустақил, ягона ва яхлит темир йўл транспорти коммуникациялари тизими барпо этилгани, ҳеч шубҳасиз, шу йўналишда эришган энг катта тарихий ютуғимиз бўлди.

Сизларга яхши маълум, ҳозирги вақтда юк ва йўловчи ташишнинг асосий қисми темир йўл соҳасига тўғри келади ва бу тармоқнинг иқтисодиётимизни ривожлантиришдаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Халқаро транспорт тизимларининг ажралмас қисми ва муҳим бўғини бўлган Ўзбекистон темир йўлларининг халқаро ташувлар тизимидаги роли янги босқичга кўтарилмоқда.

Қадим замонлардан буён Буюк ипак йўли ва кўплаб савдо йўллари туташган минтақада жойлашган Ўзбекистоннинг географик жиҳатдан ўта муҳим ўрни бу заминда турли цивилизация ва маданиятлараро мулоқот ва ҳамкорлик алоқалари мунтазам амалга оширилиши учун қулай имконият яратгани шубҳасиз, албатта.

Халқаро ҳамжамиятнинг эътироф этишича, Ўзбекистон Шарқ билан Ғарбни, Жануб билан Шимолни боғлайдиган улкан транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятига эга. Ана шу салоҳият ва имкониятдан самарали фойдаланаётган «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Ўтган йиллар давомида темир йўлчиларимиз томонидан 1100 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилгани,4 минг километрлик темир йўл магистраллари модернизация қилингани, 1700 километрлик темир йўл боғламалари электрлаштирилгани таҳсинга сазовордир.