Хитой ички бозорида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича амалий тавсияларни ўзида жамлаган, 2005 йили нашр чиққан «Бир миллиард харидор» китобининг муаллифи Жеймс Макрегор ўз асарида шундай дейди:

«Хитойда «​тинглайман ва бўйсунаман»​ тамойили асосида иш тутиш тадбиркорлик ишингизга зарар етказиши ёки уни бутунлай хонавайрон қилиши мумкин».

Бу сўзлар айни кунларда Хитойнинг талабларини қондириб келаётган Apple раҳбарияти учун ҳам қўл келиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда ғарб мутахассислари. Негаки, VPN, прокси сервер яратиб беришда қўл келиши мумкин бўлган иловалар, Хитой ҳукуматининг талаби билан Apple Store иловалар юклаш майдонининг ҳудудий бўлимларидан олиб ташланди. Компания раҳбари Тим Кук бу ҳаракат билан унинг жамоаси Хитой қонунчилигини ҳурмат қилишини билдирган.

Иқтисодий урушда компания қай тарафда туради: Хитой ёки АҚШ?

Бошқа тарафдан бу ҳолат АҚШ президенти Доналд Трампнинг Хитой иқтисодий экспанциясига қарши аксилҳаракатлари нақадар мураккаб жараёнда юз бераётганини ҳам ифода этиб турибди. Агар Оқ уй вакиллари Хитойнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини поймол этаётганини рўкач қилган ҳолда унга қарши иқтисодий урушни эълон қилса, мамлакат ичкарисидаги компания директорлари учун бу масала осон бўлмайди.

2011 йил Microsoft компанияси директори лавозимида фаолият олиб борган Стив Балмер бир қанча компания молиявий киримларига оид рақамларни ошкор қилган. Унга кўра, Microsoft​'нинг Хитойдаги даромади АҚШ бозорида топган пулларининг 5 фоизга тенг экан. Ҳеч кимга сир эмаски, Хитой иқтисодий ўсиш суръатлари билан ажралиб турган Осиёнинг қудратли давлати бўлиб қолиши узоққа чўзилмаслиги мумкин. Шунинг учун шарқий Осиё мамлакати «Хитойда ишлаб чиқарилган-2025» лойиҳасини амалга ошириш учун катта ишларни бошлаб қўйган. Лойиҳани муваффақиятли тугаллаш учун, албатта, ғарб интеллектуал ютуқлари зарур бўлади.

Хитойликлар бозорида ҳозир бўлишннг товони ва мукофоти - бозорнинг ўзида

Масаланинг ёрқин аргументи шундан иборатки, Хитой халқаро IT компанияларнинг бозорига кириб келиши учун янги технологияларни сотишини сўрайди ёки ҳар хил талабларни қўя бошлайди. Нега ғарбда ҳурмат ва қудратга эга бўлган компания раҳбарлари Пекин олдида оддий тадбиркорга «айланиб» қолмоқда?