Июль ойида Blackwater хусусий ҳарбий компанияси собиқ раҳбари Эрик Принс Афғонистон ҳудудида Ост-Индия компаниясининг муқобилини тузишни таклиф этган эди. Ҳиндистон бой тарихининг ушбу бўлаги Буюк Британия томонидан тайинланган вице-президент бошқаруви ва давлат назорат-ҳамкорлигидаги хусусий компания билан узвий боғлиқ. Эрикнинг фикрига кўра, вице-президент қоғозбозлик ва ҳар қандай мажлислардан озод этилган шахс, у фаолияти ва ҳаракатлари тўғрисида фақат АҚШ президентига ҳисобот беради.
Эрик Принс таклиф этаётган режа бўйича ёлланма аскарлар Афғонистондаги маҳаллий аскарлар билан елкадош бўлиб курашади. Афғонистондаги минерал ресурслар ҳамда геосиёсий ҳудуд жойлашувига қизиққан манфаатдор хорижий корпорациялар бу ташаббусни қўллаб-қувватлаши аниқ. Ҳозирча Афғонистондаги фойдали қазилма бойликлар уч триллион АҚШ долларига тенг баҳоланиб келинмоқда.
Вақт ўтган сари юқори лавозимдаги АҚШ раҳбарлари назарига тушмаган лойиҳа мураккаб ечимга эга таклифга айланиб қолмоқда. Негаки, шу давргача афғон муаммосини ҳал эта олмаган 145 минг иттифоқчи аскар вазифасини янги ташриф буюрадиган 25 минг аскар ҳам бажара олмаслиги мумкин. Афғонистон диёрига қайтадан кириб, яна ўн йиллаб уруш олиб бориш мумкин, аммо булар самарали натижа бермайди.
Афғонистон ҳудудини тарк этиш ҳам АҚШ ташқи сиёсатига тўғри келмайди - ҳудуд қўшни Эрон, Хитой ва Россия таъсир доирасига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Демак, учинчи йўл қолди: Эрик Принс таклиф этаётган ёлланма армия орқали барчасини ҳал этиш.
У кураш майдонига 5500 нафар аскар юборишни таклиф этмоқда. Шунингдек, ёлланган ҳарбийлар афғон ерларида одатдагидан кўпроқ яшаши режалаштирилган. Мутахассислар фикрига кўра, Америка армияси Афғонистонда урушни 16 йил эмас, балки 16 марта бир йилдан олиб борди. Бунда мутахассислар аскарларнинг алмашиб туриш тартибига ишора қилишмоқда. Эрик армиясидагилар эса узоқроқ яшайди, маҳаллий тилни ўрганади, улар билан кундалик турмушда кўп муносабатларни йўлга қўяди. Принснинг лойиҳаси бўйича, шартнома асосида армияга ёлланадиган аскарлар фақат АҚШ фуқаролари эмас, улар Франция, Швеция, Буюк Британия, Германия ва ЖАРдан ҳам бўлиши мумкин.
Бу иқтисодий жиҳатдан АҚШ бюджетини белгилашда жуда қулай вазиятни юзага келтирмоқда: Эрик Принс лойиҳаси 10 миллиард АҚШ долларини ташкил этади, бу эса ҳукумат Афғонистонда 2018 йили сарфлашни режалаштирган 50 миллиард АҚШ долларидан анча арзон нарх бўлиши мумкин.
Бу турдаги армия иттифоқчиларни қўллаб туриш мақсадида нуқталарга ҳаводан зарбалар бериб, 90га яқин авиатехника воситаларидан фойдаланиши кўзда тутилган. Бунинг учун Эрик Дубай шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, ҳарбий хизмат ва юк ташувида фойдаланиладиган Lancaster6 базасидан фойдаланишни режалаштирган.









