Ёзув ҳақида гап кетганда яқин ўтмишизга бироз назар ташласак. 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан, зиёлиларимиз томонидан ўша даврдаёқ лотин ёзувига асосланган алифбога ўтиш таклиф қилинганди. Амалда бу бизни, жаҳон ҳамжамиятига кенгроқ интеграцияга ўз тилимиз орқали киришишимизда биринчи қадам бўлганди.

1993 йил сентябрь ойида бу борада ҳукуматимиз томонидан лотин ёзувига асосланган алифбо бўйича муҳим ҳужжат қабул қилинди (1995 йилда ўзгартириш киритилди). Бу кўпчилик учун яхши, катта авлод вакиллари учун бироз ўйлантирадиган воқеа эди.

Лотин ёзуви бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда энг кўп қўлланиладиган энг йирик кўламдаги жаҳон ёзувига айланган. Буни қуйидаги суратдан ҳам билиб олишингиз мумкин.

Лотин ёзувидан фойдаланадиган давлатлар

Бугунги, XXI «ахборот технологиялари асри»да лотин ёзуви энг қулай ва самаралидир. Босма нашрларда ҳам матнда 10–15 фоиз жой тежалади. Ёзув масаласида халқаро стандартларга мослик даражаси ортади. Ҳатто, лотин ёзувидан фойдаланмайдиган тилларда сўзлашувчиларнинг кўпчилик қисмига лотин ёзуви таниш. Анъанавий ёзувдан фойдаланадиган тилларда ҳам улар ўз тилларининг халқаро миқёсда лотинча транскрипцияларидан фойдаланади. Масалан хитой тилида Пиньин, япон ва корейс ёзувининг лотинчада ёзилиш қоидаси, ҳатто рус тилининг халқаро миқёсда фойдаланиладиган бир қанча лотинча транскрипциялари бор.

Айни вақтда, биз учун ўқувчиларни инглиз, француз, испан, немис, итальян ва бошқа тилларни тезда ўзлаштиришига (ортиқча имло муаммоси бўлмайди) замин яратади. Энди танганинг иккинчи тарафи бор. Айни пайтда ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган хорижликларнинг ҳам савод чиқаришида енгилликлар кўпаяди.

1940 йилда мустабид тузум босими остида ўзбек тилини рус тили оҳанги ва орфоэпикасига бўйсундирган кирилл алифбоси қабул қилинди (аслида 1956 йилгача бир неча марта ўзгартиришлар бўлган). Мазкур алифбода ўзбек тилига ёт бўлган Ь – юмшатиш, Ъ – айириш белгилари (араб тилидан ўтган сўзлардаги айириш, тутуқ нисбати мустасно), етти ухлаб тушимизга кирмаган — Ц, «ғалати унли»лар — Я, Ю, Ё, Е, «оға тили» маҳсули бўлган юмшоқ унли ҳодисаси (альбом, шампунь) ўйламасдан ўзлаштирилган. Шунингдек, ўша даврдаги тилшуносларимизнинг бу масалага нисбатан, нўноқлиги ва хатоси билан икки хил бир-биридан мустақил товушни англатадиган — Ж («журнал» ва «жаҳон») ва О («полк» ва «доно») чала ҳарфлари киритилгани етмагандай, рус «оға»ларнинг оғзига ҳавас қилиниб «Ҳ» – ҳарфимизни нафақат халқаро балки ўзбекча сўзлардан «Г» ва «Х»га алмаштирилди (Гайдар Алиев, Расул Гамзатов ва бошқа). Бу кириллдаги бир нечта нуқсонлардан бири холос.