Шу кунларда Президентнинг тегишли фармонида белгиланган вазифа — лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш масаласи бўйича сўнгги босқичга қадам қўйилди.

Тилчилар ва бошқа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ ўз ишини якунлаб, алифбонинг тузатилган вариантини тақдим этди.

Айнан тузатилган вариантини! Чунки жорий лотинча алифбо қатор хато ва ноқулайликларга эга. Лекин алифбони тузатишга тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар «Алифбо ўзгармоқда», «Яна янги алифбо қабул қилинмоқда», дея сўз ўйини қилиб, одамларни чалғитишга, сувни лойқалатишга уринмоқда.

Аслида алифбо янги эмас, у шунчаки ислоҳ қилинди. Ундаги хатолар тузатилди. Алифбодаги 30 та ҳарфдан 3 таси (Sh, Ch, ng) жузъий ўзгартирилмоқда. 2 таси (O‘ ва G‘) ёзма кўринишига мослаштирилмоқда. Қолган 25 та ҳарф ўзгармайди.

Келинг, бугун нима учун алифбодаги хатоларни тузатишга эҳтиёж пайдо бўлгани, хатоларни тузатиш қандай натижаларга олиб келишини гаплашиш билан бирга, хавотирларга сабаб бўлган саволларга ҳам жавоб излаймиз.

O‘ ва G‘ муаммоси

Аввало жорий алифбодаги O‘ ва G‘ ҳарфларининг босма ва ёзма кўринишлари фарқланади. Ёзмасида ёнига тескари биртирноқ эмас, устига тўлқинли чизиқ — «тилда» қўйилади.

O‘ ва G‘ ҳарфларини ёзишда биртирноқни тўғри ишлатишни ҳамма ҳам билмайди. Клавиатурада машаққат билан, яъни «Alt+0145» комбинациялашган ҳаракатлар билан чиқариладиган «‘» ўрнига жуда кўп ўринда тутуқ белгиси учун ишлатиладиган «’» символдан фойдаланилади. Мактаб ва бошқа давлат ташкилотларидаги, кўчалардаги стендлар, кўргазмали қуроллар, дўконлар пешлавҳаларини фирмалардаги дизайнерлар тайёрлаб беришади. Уларнинг саводи ҳаминқадар, боз устига, улар ҳам кўпчилик қатори O‘ ва G‘ ҳарфларининг тўғри варианти қандай ёзилишини билишмайди. Шу сабабли стендлардаги ёзувларнинг 99 фоизи хато.

Ҳаттоки мактабда болаларга дарс берадиган ўқитувчилар ҳам бугунги кунда бу символларнинг фарқига боришмайди.