Бухоро вилоят ҳокими ичимлик суви ва бозорлардаги гўшт таъминоти юзасидан баёнот берди
Бугун Бухорода «Авлиёлар юрти Бухоро: замонавий туризм, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, истиқболли лойиҳаларга макон» мавзусида Сайёр Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Пресс-клуб анжумани мобайнида Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев вилоятдаги сув муаммоларига тўхталиб ўтди.
— Барчамизга маълумки, вилоятимиздаги ерларнинг аксар қисми шўрхок ерлар ҳисобланади. Уларни ювиш учун Амударёдан насос станциялар ёрдамида сув чиқариб, фойдаланиб келмоқдамиз.
Аҳолининг ичимлик сувлари билан таъминлаш бўйича муаммолар ҳам бор. Ер ости сувларимиз истеъмолга яроқсиз. Одамлар истеъмол учун чучук сувни харид қилишаётганидан хабардормиз. Самарқанддан Дамхўжа сув станциясидан чучук ичимлик суви келтирамиз. Айни дамда вилоятимиздаги ҳар бир аҳоли пунктини ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Хариталар тайёрланган. Энг оғир ҳудудлар, биринчи навбатда, чучук сув билан таъминланади, — деди вилоят ҳокими.
Пресс клубга йўлланган саволларга жавоб берар экан, вилоят ҳокими Ў.Барноев вилоят бозорларидаги гўшт нархига ҳам тўхталиб ўтди:
— Бозорларимизда товуқ гўшти 23 минг, мол гўшти эса 25 мингдан сотилиши белгилаб қўйилган. Катта бозорларда ҳозир кунига «Элга хизмат» шохобчалари орқали 25 минг сўмдан гўшт сотувга чиқарилмоқда. Буни туман марказларида ҳам ташкил қилганмиз. Вилоятда чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда график ишлаб чиққанмиз. Ким, қачон, қаерга гўшт етказиб бериши белгилаб олинган.
Ҳокимлик ва фермерлар ташаббуси билан, йил сўнгига қадар бозорларимизда 25 минг сўмлик гўшт сотилишида узилиш бўлмайди, — деди Ў.Барноев.
Мавзуга оид
13:11 / 18.11.2024
Хитой Бухорода "яшил" саноат паркини барпо этади
07:54 / 18.11.2024
Тошкент - Бухоро - Тошкент йўналишида янги поезд қатнови йўлга қўйилади
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024