Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 августда “Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

маданият ва санъат соҳасида фундаментал билим ва тушунчалар, тарихий ва замонавий анъаналар, инновация технологияларини, давлат стандарти бўйича белгиланган билим ва малакаларни пухта эгаллаган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;

тайёрланаётган мутахассис кадрларга меҳнат бозоридаги реал талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, юқори сифатли билим ва малака бериш;

битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича буюртмаларни шакллантириш;

профессор-ўкитувчилар таркибининг ўз касб соҳасидаги билим ва тажрибаси, илмий-ижодий салоҳияти ва педагогик маҳоратини доимий равишда ошириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Филиалга 2017/2018 ўқув йили учун “5150300 - актёрлик санъати (турлари бўйича)” таълим йўналишига бакалаврлар тайёрлаш бўйича жами 25 та - шундан 10 таси давлат грантлари, 15 таси тўлов-контракт асосида - қабул квотаси ажратилади;

2017/2018 ўқув йили учун қабул жараёни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалининг уставини белгиланган тартибда тасдиқлайди ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди;