Вазирлар Маҳкамасининг 9.08.2017 йилдаги 606-сон қарори билан ФВВ, Ўзгидромет ва "Давсувхўжаликназорат" давлат инспекцияси тўғрисидаги низомлар тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ)
Вазирлик табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, фуқаро муҳофазаси, гидрометеорология, гидротехник иншоотларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш, сейсмик кузатувлар, кичик ҳажмли кемаларни бехатар ишлатилишини, сув объектларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ишларини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Вазирликнинг марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари, Гидрометеорология хизмати маркази, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси, Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази, шунингдек идоравий бўйсунувдаги бошқа ташкилотлар ФВВнинг ягона тизимини ташкил этади.
Фавқулодда вазиятлар вазири Бош вазир тақдимига биноан Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Биринчи ўринбосар ва ўринбосарлар Президент томонидан лавозимига тайинланади ва ундан озод этилади (илгари – Вазирлар Маҳкамаси томонидан).
Почта манзили: 100084, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Кичик ҳалқа йўли, 4-уй.
ФВВ ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет)
Гидрометеорология соҳасидаги масалаларни ҳал қилувчи махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади.
Марказий аппарат, ҳудудий гидрометеорология бошқармалари, «Гидрометприбор» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси, «Метеоинфосистем» ахборот-техник бошқармаси, Гидрометеорология илмий-текшириш институти, Тошкент гидрометеорология касб-ҳунар коллежи, шунингдек идоравий бўйсунувдаги бошқа ташкилотлар “Ўзгидромет”нинг ягона тизимини ташкил қилади.
Ўзгидромет бош директори Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, биринчи ўринбосари эса — Президент билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Бунда бош директор мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директорнинг биринчи ўринбосари эса — вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
















