08:52 / 28.08.2017
10519

«Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Самарқанд шаҳридаги «Регистон плаза» меҳмонхонасида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда «Шарқ тароналари» XI Халқаро мусиқа фестивали матбуот маркази хабар бермоқда.

Анжуманни фестиваль матбуот маркази раҳбари Сафар Остонов олиб борди.

Фото: Sharq.webmaster.uz

Ўзбекистон Маданият вазири Б.Сайфуллаев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари А.Умаров, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дирекцияси раҳбари Т.Холиқов, фестиваль доирасида ўтказилаётган «Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши» мавзуидаги илмий-назарий конференция раҳбари Р.Абдуллаев ва бошқалар бу йил ўн биринчи бор ўтказилаётган фестивалнинг бориши, иштирокчиларни кутиб олиш ва улар иштирокидаги маданий дастурлар, илмий-назарий конференция жараёнлари ҳақида маълумот берди.

Таъкидландики, бугунги кунда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дунё миқёсида ўтказилаётган нуфузли санъат анжуманига айланди. Унда иштирок этиш истагида бўлган санъаткорлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Жумладан, бу йил дунёнинг  60 га яқин мамлакатидан 250 нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда.

Фото: Sharq.webmaster.uz

25 август куни фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида тантанали кутиб олинди.

25 август куни кечки пайт Регистон майдонидаги асосий саҳнада фестиваль иштирокчиларининг танлов дастури асосида чиқишлари бошланди. Дастлабки кунда 9 давлат вакиллари ўз дастурларини намойиш этди. Бошқа гуруҳлар эса Самарқанд шаҳридаги «Ёшлик» ва «Сўғдиёна» истироҳат боғлари, Самарқанд педагогика коллежи амфитеатрида маҳаллий санъаткорлар билан биргаликда концерт дастурларида қатнашди.

Шунингдек, фестиваль иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор масканлар, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишмоқда.

26 август куни «Регистон плаза» меҳмонхонасида фестиваль доирасида «Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши» мавзуида конференция ўз ишини бошлади. Унда 20 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган етакчи мусиқашунослар, олимлар, маданият ва санъат арбоблари иштирок этмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Top