Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Шарқ тароналари» ўн биринчи халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. Президентнинг табрик сўзлари матни ЎзА томонидан келтирилган.
Ассалому алайкум, муҳтарам меҳмонлар!
Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Авваламбор, сиз, азизларни қадимий ва гўзал Ўзбекистон заминида, азим Самарқанд шаҳрида самимий қутлашга рухсат бергайсиз.
Барчангизни “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугунги маросимда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талиб Рифаи, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламентлар ассамблеяси раиси Кристин Муттонен, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – АЙСЕСКО Бош директори Абдулазиз Усмон ал-Тувайжри жаноблари каби юқори мартабали меҳмонларимиз иштирок этаётгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди.
Шунингдек, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш бўйича халқаро марказ – ИРСИКА бош директори Халит Эрен, Халқаро фольклор санъати ташкилотининг Осиё минтақаси бўйича Бош котиби Мун Хюн Сук, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Николаевич Лебедев, Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Ефимович Швидкой ва бошқа қадрли меҳмонларимизни, халқимизга ҳурмат кўрсатиб, мана шундай анжуманларимизда ҳар сафар иштирок этиб келаётган дипломатик корпус вакилларини самимий қутлашдан бахтиёрман.
Фурсатдан фойдаланиб, барча фестиваль иштирокчиларига “Хуш келибсиз, Самарқанд шаҳрига, хуш келибсиз, она Ўзбекистонимизга!” деб юксак ҳурмат ва эҳтиромимизни билдиришга ижозат бергайсиз.
Муҳтарам дўстлар!
Дунёда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги ўта мураккаб замонда миллати, тили ва дини турлича бўлган миллионлаб одамларни ҳеч қандай таржимонсиз дўст қиладиган, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган мусиқа санъатининг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.
Шу маънода, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг бу йилги анжумани алоҳида мазмун ва аҳамиятга эга бўлиб, у фестиваль ташкил этилганига йигирма йил тўлган тарихий бир санада ўтказилмоқда.
Бугунги қувончли айёмда мана шу халқаро анжуманга асос солган, унинг жаҳон миқёсида муносиб обрў-эътибор қозониши учун улкан ҳисса қўшган инсонларни, уларнинг унутилмас хизматларини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз.
















