Paynet тўлов тизимининг асосчиси Ўзбекистонда умумий транспорт учун автоматик тўлов тизими фойдаланишга топширилиш арафасида турганини маълум қилди. Тизимнинг татбиқ этилиши мамлакат бюджетига йилига қарийб 35-40 млрд. сўм миқдорида тушум келтириши кутилмоқда.
Автоматик транспорт тўлов тизими (АТТЗ) нақдсиз тўлов кўринишида амалга оширилади. Нақдсиз тўлов тизими, авваламбор, йўловчилар қулайлиги учун яратилган. Бундан ташқари, янги тизим йўловчилар умумий транспорти соҳасида иш олиб борувчи мутахассислар учун йўловчиларнинг ҳаракатланиши, транспорт ишини мукаммаллаштириш ва бир қатор бошқа муҳим масалаларга оид таҳлилий маълумотларни бериш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, шаҳар инфратузилмасини янада яхшилашга замин яратади.
Янги тизим Сингапурнинг Technobiz Transpay компанияси платформаси асосида ишлайди. Унинг ишлаб чиқарилишида Ўзбекистонлик мутахассислар фаол иштирок этган. ANOR деб ном олган мазкур лойиҳа давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги асосида амалга оширилиши кўзда тутилган. Иш юритишнинг ушбу тури давлат томонидан сармоя ажратилишини кўзда тутмайди, тизим узра амалга оширилаётган барча жараёнлар эса ошкор ва холисона олиб борилади. GPS ва видео кузатуви билан жиҳозланган АТТЗнинг ишга туширилиши давлат бюджетидан сарф-харажатларни камайтиришга, қулай тарифларни жорий этишга, ҳамда йўллардаги хавфсизликни таъминлашга олиб келади.
«Биз таклиф қилаётган ANOR тизими умумий транспорт корхоналарининг фойдасини ҳисобга олинмаган пул айланмани йўқ қилиш эвазига йилига камида 35-40 млрд. сўмга оширади, - дейди платформани ишлаб чиқарган компания асосчиси Ботир Арифжонов. – Йўловчиларни кузатиш имконини берувчи автоматик видео-таҳлил тизими умумий транспортдаги хавфсизлик чораларини оширибгина қолмай, ҳар бир йўловчи ҳақида маълумотларни таҳлил қилишга ёрдам беради. Янги тизим ҳайдовчилар олдига қўйилган кундалик тушум каби фойдасиз талабнинг йўқ қилинишига олиб келади. Барча умумий транспорт воситаларида ўрнатилажак валидаторлар ҳамда осонлаштирилган тўлов тизими пойтахтимиз аҳолиси ва чет эллик меҳмонлар учун қатор қулайликлар яратади. Ўзбекистон дунё аҳли учун ёқимли сайёҳлик йўналишларидан бирига айланар экан, ушбу янги тизимнинг пайдо бўлиши вақт тақозоси эканлигига ишонаман».

ANOR тўлов ечимининг жорий этилиши транспорт тўлов карточкалари қалбакилаштирилишининг олдини олади, йўловчилар тоифаси, маршрут йўналишлари, кун вақти ва соатига кўра махсус дастурларни ишлаб чиқариб, имтиёзли йўловчилар учун алоҳида ечимлар тақдим этишга ёрдам беради.
Йўловчилар учун икки хил транспорт карталари таклиф этилади: қоғозли бир маротаба кодланган карталар ва кўп маротаба ишлатилиши кўзда тутилган пластик карталар. Талабалар, ўқувчилар, нафақахўрлар ва ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган карталар иш ёки ўқиш жойларидан келиб чиққан ҳолда ташкиллаштирилади.










