07:55 / 30.08.2017
6380

Hyundai АҚШ мудофаа тизимлари сабабли Хитойдаги ишлаб чиқаришини тўхтатди  

Фото: EPA

Жанубий Кореянинг Hyundai автомобилсозлик компаниясининг Хитойдаги барча 4 та заводи ишлашдан тўхтади. Бунга эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи компания унга тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмагани сабабли ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши сабаб бўлди, деб хабар бермоқда Yonhap ахборот агентлиги. 

Компаниянинг Хитойдаги заводлари у ва Хитойнинг BAIC Motor компаниясининг қўшма корхонаси бўлган Beijing Hyundai Motor’га тегишли.

“Эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи маҳаллий компания Beijing Hyundai’га пластмасса ёқилғи бакларини етказиб беришдан бош тортди, чунки ишлаб чиқарувчи етказиб берилган эҳтиёт қисмлар пулини тўлай олмади”, деб изоҳ берган вазиятга Beijing Hyundai Motor вакили. Ахборот агентлигининг маълум қилишича, компаниянинг етказиб берувчи олдидаги қарзи 17 млн долларни ташкил қилади. Бироқ Hyundai тўловлар ушланиши ҳақидаги маълумотни расман тасдиқламаган.

The Korea Herald нашри маълумотларига кўра, тўловлар ушланиши бўйича жавобгарлик Hyundai эмас, балки Beijing Hyundai зиммасидадир. Beijing Hyundai эса Хитойда Жанубий Кореяга қарши кайфиятлар ошаётгани ортида савдо ҳажмининг пасайиши билан боғлиқ муаммоларни бошдан ўтказмоқда.

Жанубий Кореяга қарши кайфиятлар ошаётганига Сеулнинг ўз ҳудудида АҚШнинг THAAD ракеталарга қарши мудофаа тизимини жойлаштиришга рухсат бергани сабаб бўлмоқда. Хитой эса бунга қарши чиқмоқда. Унинг фикрича, бу тизим радарлари Пекиннинг ҳарбий фаолиятини кузатишга имкон беради.

Жанубий Кореянинг автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси вакилининг маълум қилишича, одатда компания ўз етказиб берувчиларига ҳақларини икки ой ичида тўлаб беради, бироқ баъзи етказиб берувчилар 6 ойдан бери ҳақларини ололмаяптилар. 

Компаниянинг заводларидан 3 таси Пекинда, биттаси эса Ханчжоуда жойлашган. Компания, шунингдек Хитойнинг марказий қисмидаги Чунцин шаҳрида ҳам бир завод қурган, бироқ у ҳали ишга тушмаган.

Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Хитойда Hyundai автомобиллари савдоси жорий йилнинг 2-чорагида аввалги йилдагига нисбатан 64 фоизга камайиб кетган ва 105 минг донани ташкил қилган.   

Top