Японияда 2,7 миллионга яқин миллионерлар истиқомат қилади, бу эса Хитой ва Германиядаги миллионерларни қўшганда ҳам кўпроқ, — деб ёзади Insider Pro ўзининг таҳлилий мақоласида.

Келинг, япониялик миллионерлар пенсияга чиқишганидан сўнг ўз бойликларини қай йўсинда тасарруф этишга қизиқиб кўрайлик. Кюсю оролининг бош темир йўли президенти олдида бир муаммо кўндаланг бўлган эди: унинг поездларидан борган сари жуда кам инсон фойдаланар эди. Одамлар кексайиб борар, пенсияга чиқиб, эрталаблари ишга қатнамай қўйишмоқда эди. Инсонларнинг биринчи галдаги заруратига кирмайдиган нарсаларни исташига айёрлик билан қўзғатиш керак эди. Ниҳоят ечим топилди: ультра ҳашаматдор поездлар яратиш!

Янгилик шу қадар машҳур бўлиб кетдики, Япониянинг энг яхши икки темирйўл компаниялари ғоядан нусха олиб, ўз бизнесига ҳам жорий эта бошлашди. Улардан бири — East Japan Railway Co май ойида ўнта ётоқ вагонидан иборат ҳашаматли экспрессини тақдим этди: илк чипталарни харид қилган 34 бахтли инсон саёҳатдан катта таассуротлар ва завқ туйган ҳолда қайтишган.

Бу поезд классик шарқий экспресснинг замонавий талқини деса ҳам бўлади. Унинг шаффоф деворлари ва шифтлари шишадан ясалган уйчани эслатади. Хизмат кўрсатиш персонали ҳам ўз ишининг усталари. Чипталар нархининг ҳаддан зиёд қимматлиги — 3 кунлик йўл учун 8400 доллар эканига қарамасдан, жойлар икки ой олдин сотиб бўлинди.

Сўнгги йигирма йил ичида Япония иқтисодиёти нақ етти марта рецессияга дучор бўлганига қарамасдан, давлат хазинаси ҳали бўшаб қолганича йўқ. Япония — АҚШдан сўнг миллионерлари кўп бўлган иккинчи давлат ҳисобланади. Bain&Company консалтинг компанияси маълумотларига кўра, ўтган йили Японияда биргина люкс маҳсулотлар бозори нафақат талофат кўрмаган, ҳаттоки даромад билан чиққан. Hermes сумкалари, Rolex соатлари ва Европанинг бошқа нуфузли рамзларига талаб ҳануз ўз позициясини бой бермаяпти. Бойвачча япон пенсионерларида эса янги ёқимли машғулот пайдо бўлган — биринчи класс вагонларга эга поездда сайр қилиш ва бунинг учун улар сўралган пулни тақдим этишга тайёр.

«Япония — бу ҳашаматлар мамлакати, — дейди чипталарни онлайн бронлаш бўйича компания ижрочи директори Грег Шулце. — Ва бозор айни дамда умумий люкс йўналишидан ортда қолмасликка ҳаракат қилмоқда».

Бугунги кунга келиб, Япония хорижий сайёҳлар сони бўйича етакчилик қилмоқда. Лекин оддий ва элита сайёҳлиги ўртасида кескин фарқ бор. Элита туризмига айниқса қариялар интилишади: масалан, қария япон Фужио Умемото дўстлари билан денгизда сайр қилиш учун яхта сотиб олган.