Соғлом овқатланиш ҳақида маълумотлар шу қадар кўпки, уларнинг қайси бири ҳақиқатан ҳам фойдали эканини била олмай қоласан баъзан. Кўп маҳсулотлар умуман "айбсиз айбдор"дек бўлиб қолган: соғлом турмуш тарзи тарафдорлари ўз рационларида уларни бекорга четлаб ўтишмоқда. "Лайфхакер" нима учун кетчуп, макарон ва шоколадлар кўпчилик ўйлаганидан яхшироқ эканига доир маълумотлар билан бўлишди.
Картошка

Картошка тўғри овқатланиш ва озиш фойдасига рациондан олиб ташланиши керак бўлган маҳсулотлар рўйхатида кўп бор қайд этилади. Албатта, агар ҳар куни катта ликопчани тўлдириб қовурилган картошка истеъмол қилиб, вазнни камайтиришга умид қилиш нотўғри. Шундай бўлса-да, картошка талай фойдали хусусиятларга эга.
Картошка - организмда намлик мувозанатини сақлаш ва мияга кислород етказиб беришни яхшилаш учун муҳим бўлган калий манбаи. Ўртача ҳажмдаги картошкада 20 фоизгача кундалик калий нормаси бўлади. Бу элементнинг максимал миқдорига эришиш учун печда пиширилган картошкани пўсти билан истеъмол қилинг. Табиийки, бунда унинг пўстини олдиндан яхшилаб ювиш шарт.
Маҳсулот таркибидаги целлюлоза C ва B6 витаминлари билан бирга холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Шундай экан, ўчоқ ёки газ печида пўсти билан пиширилган картошкани хуш кўрувчилар ўз юрак ва қон томирлари учун хотиржам бўлишлари мумкин.
Шоколад

Бу ерда тўғри овқатланиш тарафдорлари қисман ҳақ. Агар нормал тушликни ҳар куни шоколад батончасига алмаштирилса ёки кунига биттадан сутли шоколад истеъмол қилинса, организмингиз сиздан миннатдор бўлиши қийин. Сутли шоколадни аччиғига алмаштиринг. У қадар ширин бўлмаслиги мумкин, лекин фойдали экани аниқ.
Биринчидан, шоколад истеъмоли юрак-қон томир касалликлари хавфини қисқартиради: теобромин ва катехин қон томирлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шоколадда какао қириндиси қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу борада сутлидан кўра аччиқ шоколад мақсадга мувофиқ, оқ шоколадни эса умуман жиддий қабул қилмаган маъқул.
Иккинчидан, флавоноидлар миқдори юқори бўлган шоколад терини ультрафиолет нурлар таъсиридан ҳимоялайди. Албатта, бу қуёшдан муҳофазаловчи кремни ҳам унутиб, куни бўйи шоколад еб соҳилда ялтоқланиб ётиш кераклигини билдирмайди, бироқ шоколадни рационга қайтариш учун арзирли сабабдир.



















